Mobiuz Қорақалпоғистон ва Хоразмда техник модернизацияни давом эттирмоқда

Бизнес

image

Mobiuz мобил алоқа оператори мамлакатимизнинг ғарбий ҳудудларида 130 дан ортиқ 4G LTE таянч станциясини ишга туширди ва интернет тезлигини оширди.

Интернет тезлиги бўйича етакчилик

2025-йилда Mobiuz Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида мобил интернет тезлиги ва алоқа тармоқларининг барқарорлиги бўйича етакчи деб тан олинганди . Бу ушбу ҳудудларда амалга оширилган кенг кўламли техник модернизациянинг натижаси бўлди.

Бу йил ҳам Mobiuz ушбу йўналишдаги инвестиция лойиҳаларини давом эттирмоқда. 2026-йилнинг биринчи ярмида Қорақалпоғистон ва Хоразмнинг шаҳар ва туманларида 130 дан ортиқ янги 4G LTE таянч станцияси ишга туширилди.

Ўтказувчанлик қобилияти 50 фоизга ошди

Ишларнинг муҳим йўналишларидан бири радиочастоталарни рефарминг қилиш, яъни қайта тақсимлаш бўлди. Ҳозирги пайтда дунё операторлари эскирган GSM (2G) стандартидан босқичма-босқич воз кечмоқда. Улар частота ресурсини замонавийроқ технологияларга бўшатиб бермоқда. Mobiuz ҳам худди шу йўналишда ҳаракат қилмоқда. Бу йил Ўзбекистоннинг ғарбий ҳудудларида қисман GSM'га хизмат қилиб келган 1800 МГц частота ресурси 4G LTE'га ўтказилди.

Натижа ҳозирдан сезиларли бўлмоқда. Айнан 1800 МГц диапазонида ўтказувчанлик қобилияти Хоразм вилоятида 42 фоизга, Қорақалпоғистон Республикасида эса 50 фоизга ошди. Шу билан бирга радиоресурсларга тушган юклама камайди, хизмат кўрсатилаётган трафик ҳажми эса барқарор қолди. Абонентлар худди шу частотада анча юқори тезликка эга бўлди.

Энергия барқарорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Икки ҳудудда 90 дан ортиқ янги захира қувват аккумулятори ўрнатилди, яна 20 дан ортиғи – амалдаги асосий боғлаб турувчи таянч станцияларга ўрнатилди. Бу электр таъминоти узилган тақдирда ҳам, ҳатто бир неча соат давомида тармоқларнинг барқарор ишлашини таъминлашга ёрдам беради.

Интернетдан фойдаланиш ҳажми ортмоқда

Амалга оширилган барча ишлар, шунингдек Mobiuz тарифлари ва хизматлари имкониятларининг кенгайиши туфайли абонентлар мобил интернетдан кўпроқ фойдалана бошлади. Ўтган йил охирига нисбатан бу кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида 17 фоизга, Хоразм вилоятида эса 10 фоизга ошди.

Бу шуни англатадики, икки ҳудуддаги абонентлар ярим йил олдингига нисбатан анча кўп мобил интернетдан фойдаланмоқда: кўпроқ видео томоша қилишмоқда ва юклаб олишмоқда, тез-тез видео-қўнғироқ қилишмоқда, онлайн ресурсларнинг барча имкониятларидан фойдаланишмоқда.

Mobiuz тармоқларини Ўзбекистон бўйлаб техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш лойиҳалари давом этмоқда. Аввалроқ компания Фарғона водийсида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берган эди .


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг