Миясида ўсимтаси бор қиз Москвага учиб кетди. Оила Бош вазир кўмагидан миннатдор
Жамият
−
28 Март 2020
9643Кунларни кўриб турибсиз. Бир-биридан совуқ хабарлар кўп. Коронавирус ҳақидаги ташқи хабарлардан кўнгил озай деб турганда бу хавф ўзимизга ҳам кириб келдию таҳликамиз янада ортди. Ундан икки кишининг вафот этиши ва беморлар сони кескин ортиши эса янада қайғуга туширди.
Аммо шундай қайғули кунларнинг бирида таҳририятимизга қувонч ва ҳаяжон аралаш SMS келди. “Москвадамиз. Худога шукр биз етиб келдик. Энди буёғи карантин экан. Ҳаммага ташаккур”, дейилган эди. Сиз юқорида кўриб турган суратда 6 ёшли Ясмина Москва аэрпортида экани тасвирланган. Балки кўринишдан оддий расмдек туюлар, лекин биз учун бунда бир олам маъно мужассам.
Хабарингиз бор, бир неча кун муқаддам Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Шараповлар оиласи вақтинчалик чекловлар сабаб мушкул ҳолда қолгани ҳақида маълум қилган эдик. Оиланинг 6 ёшли фарзанди Ясмина миясидаги ўсимта сабаб Москвага бориши зарур эди.
Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ сайти бемор оиласи билан алоқада бўлиб турди. 24 март куни мақола эълон қилингач, ўша куннинг ўзида Ҳукумат вакиллари томонидан Шараповалар оиласига кўмак берилган ва ташкилий масала ҳал этилган.
“Худога минг марта шукр. Биз Москвага етиб келдик. Биз келганимиздан икки ҳафталик карантинга олишди. Ҳозир изоляция билан таъминланган меҳмонхонадамиз. Сиздан илтимос, битта миннатдорчилик сифатида мақола ёзсангиз. Биз олдинроқ Бош вазир номларига ҳам мурожаат хати ёзгандик. Шундан сўнг, Бош вазир Абдулла Арипов ёрдами билан манзилга етиб олдик. Бизни боришимиз ҳақида барча масъул шахслар огоҳлантирилган экан. Боришимизга тез-тез кутиб олиб, тегишли чоралар қилинди. Самолёт ҳам биз сабаб ушланиб қолиб, кутиб турган. Москвадаги божхонада ҳам бизни узоқ куттиришмади. Бу ишларда Ўзбекистон элчихонаси бош-қош бўлибди”, дейди беморнинг онаси Наргиза Шарапова.
Шарапованинг айтишича, улар карантин муддатини ўтаганидан сўнг қизчаси Ясмина клиникада даволанишни бошлайди.
“Биз 24 март кунининг ўзида йўлга чиқиб, карантин режимига олинган бўлсак, 14 кундан сўнг клиникага жойлаштириламиз. 7 апрель куни Николай Николаевич Блохин номидаги Миллий тиббий онокология илмий марказига олинишимиз маълум қилинди. Мен бу ишда ўзининг ёрдамини берган мутасаддиларга, хусусан Бош вазирга, Ташқи ишлар вазирига ўз миннатдорлигимни билдираман”, дейди у.
Айни вақтда коронавирус касаллиги мамлакатда оғир паллага келмоқда. Шунга қарамай, юртнинг бир фарзандига ҳам алоҳида эътибор қаратиб кўмак берган масъул шахсларга биз ҳам ўз ташаккуримизни билдирамиз.
LiveБарчаси