Миясида ўсимтаси бор 6 ёшли қизалоқ Москвага учолмаяпти. Оиланинг умиди Ташқи ишлар вазирлигидан
Жамият
−
24 Март 2020
7383Шу кунларда коронавирус омили кўплаб давлатлар учун бош оғриғи бўлаётгани айни ҳақиқат. Давлатлараро қатновларнинг узилиши нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки кўп оилаларнинг турмушига ҳам таъсир кўрсатмоқда. Коронавирус ортидан тўхтатилган қатновлар сабаб пойтахт Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи Шараповлар оиласи азият чекмоқда.
Ижтимоий тармоқларда ўзининг қизи оғир касаллиги, бироқ Россия давлатига даволанишга бора олмаётган Наргиза Шарапова чорасиз ҳолатда.
QALAMPIR.UZ ижодий жамоаси бемор ҳолидан хабар олиш учун Оқтепа массивида бўлди. Аёлнинг айтишича, 6 ёшли фарзанди зудлик билан Москвага олиб борилиши керак, бироқ қатновлар тўхтатиб қўйилган.
“Ўтган йил ноябрь ойида қизимнинг касал бўлгани маълум бўлди. Унинг бошида ўсимта бор экан. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш Республика илмий Марказида зудлик билан операция қилинди ва бошидаги ўсимта олиб ташланди. Уч ҳафта жонлантириш бўлимида ётди. Бизга 23 декабрида шифохонадан жавоб беришди.
Ўсимта тез ўсувчи ва хавфли кўринишдаги тури экан. Бизда буни даволашнинг иложи йўқ бўлгани сабабли, Россиядаги клиникаларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Россиялик шифокорларга ҳужжатларимизни жўнатдик. Боламнинг ташхисини кўриб дарров алоқага чиқишди. Улар биз тезкорлик билан учиб боришимиз кераклигини айтишди. Бироқ, бу йил бошида қизимнинг ҳолати оғирлашиб қолди. Медуллобластома (миядаги шиш) хуруж бергани сабабли учишни кўтара олмайди. Биздаги онкология бўлимларида ҳам керакли ускуна ва мутахассислар йўқ экан. Москвадаги клиникаларда бундай шароит бор бўлиб, кўп маблағ кетаркан. Биз бошқа одамлар ёрдами, шунингдек ўзимизнинг буюмларимизни сотиш эвазига маблағни йиғдик. Бироқ, энди бу коронавирус муаммоси чиқиб турибди.
17 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлигига ёрдам бериш учун мурожаат қилдим. “Ҳеч бўлмаса, вазирлик ёрдами билан учиб кетайлик”, дегандим. 20 март куни вазирлик бунга ҳеч қандай қаршилиги йўқлигини айтиб, хат жўнатди. Шу орада Россия элчихонасига ҳам мурожаат қилдим. Элчихонага борганимда ярим соатга қолмай жавоб беришди. Facebook’даги саҳифамга ҳам жавоб йўллашди. “Биз тайёрмиз ёрдам беришга. Бироқ Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқиб кетиши мумкин эмаслиги сабабли, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали мурожаат қилсангиз, ўшанда қўлдан келганча ёрдам берамиз” деб очиқ тарзда жавоб йўллашди.
Ўша куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга “Фарзандимнинг касаллиги боис, мамлакатдан чиқишим учун ёрдам беринг”, деб илтимоснома ёздим. Лекин ҳозиргача жавоб йўқ. Агарда 25 мартгача даволанишга бормасак, фарзандимнинг ҳоли нима кечади?! Йўқ жойдан болам яна захарланиб, қайта кимётерапия олишга мажбур бўлади. Қизимнинг ҳар кунги дорилар қабул қилиш тартиби мавжуд. Агар рухсат 30 март куни тегса ҳам, учиб кета олмайман. Кейинги курсни кутишга тўғри келади. Унда қанақа ҳолат бўлади, бизга қоронғу”, дейди она кўзида ёш билан.
Мамлакатдаги ҳолат қанчалик даражада жиддий эканини англаб турибмиз. Бироқ бу онанинг мурожаати мурғак қизалоғининг ҳаётини сақлаб қолиш учун охирги умид учқинидек, гўё. Қўлида маблағи, ҳамма имкони бор онанинг юрак ноласини рўёбга чиқариш жуда мураккаб жараён эмас. Шунчаки, ташкилий масала... Айни вақтда пандемия даражасида тарқалаётган, ўта хавфли касалликлар қаторига кирмайдиган коронавирус унинг кўзларига ваҳимали кўринмаяпти. Чунки, кўз-қорачиғи бўлган фарзандининг миясида портлаш арафасидаги саратон бор.
Ўйлаймизки, мутасаддилар коронавирус фонида бу аёлнинг дардига ҳам малҳам топадилар.
LiveБарчаси