Курс UZS

USD

12 938.11

18.11

EUR

14 076.66

-25.52

RUB

149.99

0.47

Миядан суицид сигналини ўчириш мумкин: депрессия қандай даволанади?

Интервью

image

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 3,8 фоизи депрессияда ва ҳар йили уларнинг 700 мингдан ортиғи ўз жонига қасд қилади. Сўнгги пайтларда ўзбекистонликларнинг ҳам ўзини баланд қават ёки кўприкдан ташлагани ва осгани ҳақидаги хабарларга кўп дуч келмоқдамиз. Ўтган 2024 йилнинг ўзида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган суицидларга бир неча ўнлаб мисоллар келтириш мумкин. Кўп узоқ эмас, уч кун олдин ҳам Бош прокуратура қашқадарёлик 17 ёшли қиз ўзини 16 қаватли уйнинг томидан ташлаб, ўз жонига қасд қилганини маълум қилди. Балки ўқувчи қизни ҳам бу қарорга олиб келган ёв айнан депрессиядир. Хўш, инсон ичидаги кўринмас қотил – депрессия ўзи қандай касаллик? QALAMPIR.UZ ўқувчиларни ҳушёрликка чақириш мақсадида шу ва бошқа саволлар билан мутахассисга юзланди.

Иқбол Эргашова, мухбир: — Депрессия ва унинг ташхисланиши борасида тўхталиб ўтсангиз.

Зебинисо Аҳмедова, психиатр: — Икки хил депрессия мавжуд: эндоген ва экзоген. Эндоген бу наслдан наслга ўтадиган депрессия демакдир. Яъни баъзи инсонлар генида кайфият йўқлиги, ҳеч нарсага қизиқмаслик ва ўз жонига қасд қилишни хоҳлаш каби симптомлар мавжуд бўлиши мумкин. Шунингдек, ситуатив, яъни вазиятга боғлиқ депрессия бўлиши ҳам мумкин. Масалан, кимнингдир ота-онаси вафот этади ёки боласи шифохонага тушиб қолади, шундай пайтда инсон ситуацион депрессияга тушиб қолиши мумкин. Бундан ташқари, биполяр аффектив бузилиш касаллиги ҳам бор ва бунда беморнинг бирданига нимадир иш қилгиси келиб қолади-да, бироздан сўнг яна бирданига депрессив ҳолатга тушиб, дунё кўзига қоронғи бўлиб қолади. Қолаверса, негатив фикрларнинг позитив фикрлардан устунлигини намоён қилувчи депрессив характер ҳам бор. Бундай одам билан гаплашилганида ҳар доим қовоқ солиши ва ёмон нарсаларни кўпроқ ўйлашига гувоҳ бўлиш мумкин. Лекин бу унинг касаллиги эмас, бу унинг характери. Одам ўзидаги бундай характер ёмонлигини билади, лекин шундай яшашда давом этади.

Депрессив касаллик ташхисини қўйиш учун дунё стандартига кўра, 14 кун ичида асосан қуйидаги 3 та шикоят кузатилиши керак:

  1. кайфият йўқлиги. Бу 6 соатгача давом этса – енгил форма, 12 соатгача давом этса – ўрта оғир форма, 24 соатгача давом этса – оғир даражали форма. Бу вақтда кишининг ҳеч нарса қилгиси, ҳеч ким билан гаплашгиси келмайди, ҳеч қанақа истак бўлмайди, ҳиссиётлар ўзгармайди, ёруғлик ва шовқин ёқмайди.
  2. Ангедония. Бунда инсон ҳеч нарсадан завқланмайди: кулаётган боласи, янги машинаси, янги уйи – ҳеч нарса завқ бермайди.
  3. Миянинг ҳеч нарсадан дам олмаслиги. Яъни ухлаганда дам ола олмайди.

Агар кишида мана шу 3 та белги кузатилса ва 14 кун давом этса, биз бу одамга депрессия ташхисини қўя оламиз. Агар одамда мазкур 3 та белгидан 2 таси бўлса, биз қуйидаги бошқа 7 та кичик белгиларни излаймиз:

  • уйқу йўқлиги ёки жудаям кўплиги.
  • овқат емаслик ёки жуда кўп ейиш ва еган овқатидан завқланмаслик.
  • диққат етишмаслиги.
  • ўзини айблаш.
  • хотиранинг пасайиши. (Инсон ҳеч нарсани хотирада сақлаб қола олмайди: ҳозир нима қилгани, қаерга боргани эсидан чиқиб қолади; ўтмишдаги оғир хотираларни эса жуда яхши эслайди).
  • жисмоний активлик йўқлиги
  • суицидал фикрлар.

Бундан ташқари, деперсонализация ва дереализация белгилари ҳам мавжуд. Деперсонализация – инсоннинг ўзига бегона бўлиб қолиши. Дереализация – дунёнинг жонсиздек туйилиши. Агар суицидал фикрлар ва деперсонализация бирга кечса, киши ўз жонига қасд қилиб қўйиши эҳтимоли ошади.

И.Э.: — Қайси усуллар депрессияни даволашда самарали ҳисобланади?

З.А.: — Эндоген формадаги депрессияни дори препаратлари ёрдамида йиллаб даволаймиз. Агар шунда ҳам беморнинг “ўзимни ўлдиргим келяпти” деган фикри йўқолмаса, электроконвульсив терапия қилинади. Бунда мияга ток бериш йўли билан ундаги “ўзимни ўлдирмоқчиман” деган фикр ўчирилади. Яъни инсон ўз жонига қасд қилиб қўймаслиги учун электроконвульсив терапия қилинади. Енгил депрессия ҳолатларида эса антидепрессант препаратлар билан биргаликда психотерапия усуллари қўлланилади. Инсон мияси ўзини-ўзи қутқара олмаганида тан олинган шу ва бошқа бир қанча психотерапевтик методлардан фойдаланамиз. Айтиб ўтишим керакки, депрессиянинг енгил кўринишларида, яъни кайфият ёмонлиги, қийинчиликдан чиқиб кета олмаслик ҳолатларида халқона усуллардан фойдаланса бўлади. Булар саёҳатга бориш, ўзига ёқадиган инсонлар билан суҳбат, мотивация берадиган китоблар ўқиш ёки кинолар томоша қилиш усуллари бўлиши мумкин. Кўпинча Ўзбекистонда одамлар дофаминни овқатдан олади, бошқа усулларни деярли билмайди. Ушбу бахт гормонини физик юкламалардан ҳам олиш мумкин. Авваллари дофамин олиш учун сайллар қилинган. Нодирабегимлар танбур чертарди. Ҳозир халқ танбур ҳам чертмай қўйди, Instagram’дан чиқмай қолди. Instagram’нинг умри тугашига кўпи билан 50 йил қолди деб ўйлайман. Негаки одамларнинг кўзи хиралашишни бошлайди, депрессияга тушиб, нега мен унақа эмасман дейишни бошлайди. Одамларнинг қисқариб кетган диққатни кенгайтиришга мажбур бўлиши оқибатида YouTube платформаси актуалга айланиши мумкин.

И.Э.: — Мияга ток бериб даволаш ҳақида гапириб ўтдингиз. Бу терапияни кўпчилик эшитмаган бўлса керак. Ўзи унинг самарадорлиги қанчалик?

З.А.: — Мен бу бўйича Туркияда ўқиб келдим. Ўзбекистонда ҳали бундай аппаратлар жуда саноқли. Фақат шизофрениядаги депрессия ҳолатларидагина бундай усул қўлланилади. Айтиб ўтишим керакки, бунда салбий оқибатлар пайдо бўлиши мумкин. Масалан, ўз жонига қасд қилишга мойиллиги мавжуд бир беморимда шу терапия ўтказилди. Амалиётдан кейин суҳбатлашганимда у менга энди ҳеч қандай ҳисси йўқлигини айтди. Яъни унда аввалгидек кайфият йўқ, серҳаракатлик йўқ. Нимадир қилса ҳам хоҳлаб эмас, шуни қилишим керак деган фикр туфайли қилади.

И.Э.: — Депрессия танада ўзини қандай намоён қилади?

З.А.: — Тананинг ҳар хил жойларида оғриқлар кузатилиши мумкин. Бундан ташқари, депрессиянинг атипик тури ҳам бор. Бунда одам ўзининг депрессиядалигини билмаслиги ҳам мумкин. Чикаго еттилиги (Chikago seven) деган тушунча мавжуд ва унга кўра, психологик стресслар оқибатида қуйидаги касалликлар: ошқозон ва ўн икки бармоқли ичак касаллиги, юрак қон-томир касалликлари (семизлик ва рак), эндокрин тизими касалликлари, суяк касалликлари, бронхиал астма ва тузалмас тери яралари келиб чиқади.

Аслида организмнинг бу касалликларни енгишга кучи етарли, лекин депрессия туфайли тана ютқазиши мумкин. Қолаверса, доимий чарчоқ, мияга яхши фикрлар келмаслиги, оғирлик, мигрень ва шунга ўхшаш бош оғриқлар, ўз-ўзидан кўнгил айниши кабилар ҳам депрессиянинг танадаги белгилари ҳисобланади. Маълумот учун қўшимча қилишимиз мумкинки, бел айланасининг аёлларда 85 сантиметрдан, эркакларда 97 сантиметрдан ортиқ бўлиши – депрессиянинг семизлик билан намоён бўлаётган кўриниши.

И.Э.: — Болалар ҳам депрессияга тушадими? Бу ҳол уларда қандай кечади?

З.А.: — Оила болага оптимистик ва пессимистик фундамент беради. Пессимистик фундамент икки хил кўринишда бўлади: нолувчи ва қўрқитувчи. Ҳар икки кўринишда ҳам депрессив бола етиштирилади. Масалан, “бўлмайди”, “қаттиқ гапирма”, “қила олмайсан”, “кечаси билан ўйлаб чиқдим”, “қаерда юрдинг деб хавотирландим” каби нолувчи жумлалар кўп такрорланадиган оилада фарзандлар арзимаган нарсага қўрқиш ва стрессга тушишга кўпроқ мойил бўлади. Болалардаги депрессияда тагини ҳўллаб қўйиш, кўп шамоллаш, инжиқлик, қайт қилиш, қайсарлик ва кечаси ухлай олмаслик белгилари намоён бўлади. Бунда шифокорга бориш ва ҳар қандай дори ҳамда биофаол қўшимчаларни ўзбошимчалик билан қўлламаслик қатъиян тавсия этилади.

И.Э.: — Киши ўзини депрессиядан олиб чиқиш учун нима қилиши керак?

З.А.: — Аввало, эндоген депрессияни беэътибор қолдирмаслик керак. Бундан ташқари, кимга мурожаат қилишни ҳам билиш зарур. Одатда невропатологга мурожаат қилишади. Шифокорлар ҳам неврологик диагноз қўяди, оқибатда беморнинг оила аъзолари уни неврологик касал экан, асаби чарчабди деб қўя қолади, холос. Депрессиядаги одам ҳолатига атрофдагилар ҳам, ўзи ҳам юзаки қараши ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Баъзида 30 дан ошса ҳам оила қурмаётган йигит-қизларга турли саволлар беришади. Аммо уларнинг депрессияга тушиб қолган бўлишлари мумкинлигини ўйлашмайди. Уларга яхши ва малакали психотерапевтик ёрдам керак бўлиши мумкин.

Ҳозир баъзи психологлар оқибатини ўйламай, малакаси етмаслигини ҳисобга олмасдан пиар учун ваҳима ва қўрқув (касалликлари)ни енгишни даъво қилишяпти. Пиар билан брендни фарқи бор. Малакали психологларга ўзини реклама қилмаса ҳам фойда кўрган беморларнинг бошқаларга тавсиялари туфайли одамлар келаверади.

Бир қанча “психолог”лар аёлларга эрдан пул олишни ўргатишни иддао қилишди. Бу билан эрлар пул бериб қолишмади-ку! Нега энди кўпчилик шундай психологлар ваҳима ва неврозни даволашга сакраб ўтишди? Чунки одам келмай қолди уларга! Чунки ишонмай қолди. Негаки шукроналик ёзиб-ёзиб дафтарларни тўлдириб юборишди. Ёзиб ўтириш учун эмас, шукроналик! Амалларда кўринади шукроналик!


Мақола муаллифи

Теглар

суицид депрессия Зебинисо Аҳмедова

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг