Аёлларнинг она, хотин, қиз ва келин сифатида ролини чеклайдиган тушунчалар мавжуд – Саида Мирзиёева

Жамият

image
Саида Мирзиёева Трампнинг қизи билан учрашди (фото) north_east

Саида Мирзиёева Трампнинг қизи билан учрашди (фото)

Аввалроқ, Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида Бутунжаҳон аёллар форуми очилгани, унда Ўзбекистон Репсубликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева иштирок этиб, нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик. 

Ҳўш, Саида Мирзиёева халқаро минбарда туриб нималар деди, Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш масалаини қай томонлама кўрсатиб берди.

“Ҳурматли меҳмонлар, азиз ҳамкасблар! Ассалому алайкум. Бугун ушбу тадбирда сизлар билан иштирок этиш мен учун катта шараф ва мен зоти Олиялари шайх Манал бинт Муҳаммад бин Рошид Ал Мактумга ушбу форум, аёлларнинг ҳуқуқлари ва барчага тенг имкониятларни белгиловчи глобал платформани ташкил этганликлари учун миннатдорлик билдираман.

Аёллар ва ёш авлод келажагини, бугунги дунёда улар дуч келаётган хатарларни муҳокама қилиш мақсадида визионер ва инноваторларни бир ерга тўплаш ҳамда биз истаган келажакка режалар тузиш учун Бирлашган Араб Амирликларидан яхшироқ жой йўқ.

Бу форум ҳамкасблар ва дўстлар билан дунёни барчамиз учун, аёллар ва эркаклар учун яхшилаш борасида фикр алмашишда ажойиб имкониятдир. Бирлашган Араб Амирликлари тараққиёт нақадар тез бўлиши мумкинлиги, буни ҳеч истисносиз барча ҳамжамиятлар учун хавфсиз амалга оширишнинг юксак намунаси ҳисобланади. Биз бу ерда бир-биримиздан ўрганиш, бир-биримизни кўллаб-кувватлаш, куч улашиш ва руҳлантириш, аёлларнинг инсоният цивилизацияси ривожланишига ҳисса қўша олишлари учун уларнинг ролини ошириш мақсадида йиғилганмиз. Шунга аминманки, ўзбек аёлларининг ҳам дунёга айтар сўзи бор, улар инсониятнинг иқтисодий ва маданий тараққиётига салмоқли ҳисса қўша олади”, деган Мирзиёева.

У ўзбек халқи жуда кўп қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай Ўзбекистоннинг бой тарихга эгалигини айтиб ўтган. Аёллар ҳам шу тарихнинг бир парчаси экани ва улар ҳар соҳада аъло даражада фаолият юрита олишини таъкидлади.

“Ўзбекистон халқи жуда кўп қийинчиликларга дуч келди: ташқи босқинчилик, урушлар, қаҳатчилик, тоталитар тузум, қатағонлар ва кўп йиллик иқтисодий беқарорлик. Миллий озодлик урушлари бўладими ёки мустақиллик учун кураш бўладими, аёллар барча жабҳада фидойилик, меҳнатсеварлик ва оилаларига чексиз муҳаббати билан бевосита иштирок этдилар.

Ўзбекистоннинг узоқ тарихи аёлларимизнинг ҳам ўтмишидир. Шоирлар, давлат расмийлари, дипломатлар, муҳандислар, ҳамширалар, рафиқа ва оналар. Бу нозик шарқона санъат бўладими, ёки қатъий ва аниқ фанларми, ўзбек аёллари барча соҳаларда аъло даражада илгарилаб борди, аммо сояда қолиб келди.

Энди уларнинг гавдаларини тик тутишлари ва барча жабҳада ўз қобилиятларини қўрқув ва чекловларсиз кўрсатиш вақти келди”, дея фикр билдирган Мирзиёева.

Ўзбекистонда гендер тенглигини таъминлаш комиссияси аъзоси бўлган Саида Мирзиёева бугунги кунда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг сиёсий ролни ошириш ва ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам фикр билдирди.

“Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ЕХҲТ, Жаҳон банки, Ислом тараққиёт банки билан хотин-қизлар ҳуқуқлари ва инклюзивлиги билан боғлиқ барча соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Биз бу йўлда қатъий давом этмоқдамиз. Халқаро стандартлар мамлакатда ижтимоий ҳаётга босқичма-босқич таъсир кўрсатмоқда, гендер сиёсати мустаҳкамланмоқда ва аёлларнинг кундалик ҳаёти яхшиланмоқда. Бироқ, аёлларнинг она, хотин, қиз ва келин сифатида ролини чеклайдиган муайян маданий тушунчалар мавжуд. Бу чекловлар бизнинг юқори мақсадларимизга мос келмайди.

Ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистонда “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш тўғрисида“, “Аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида“,“Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида“ги учта йирик қонун қабул қилинди. Ўзбекистонда яқинда бўлиб ўтган парламент сайловлари натижасида депутат аёллар сони икки баробар кўпайди: 24 дан 48 тага. Халқаро спорт мусобақаларида 24 нафар аёл медаль соҳиби бўлишган. Биз барча соҳаларда кўзга ташланган профессионал аёлларни кўрамиз. Бизнинг мақсадимиз аёлларимизга иқтидори ва қобилиятларини тўлалигича кўрсата олишлари, шахс сифатида камол топишлари учун фаровон муҳитни яратишдан иборат”, дейди Мирзиёева халқаро минбарда туриб.

Саида Мирзиёева ўзбек жамиятида аёлларнинг ролини кўрсатиб беришдан ўзидан, оиласидан мисол кетириб ўтди. Хусусан, у шундай деди:

“Бугун инсоният дуч келаётган доимий ижтимоий ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда айрим бидъат ва қолип тасаввурлар янги куч ҳосил қилмоқда. Улар энг нозик ва заиф бўлган аёллар ва ёш авлоднинг ҳаётини барбод қилиши мумкин. Шундай экан, барча ютуқларимизни шу кучларга қарши ва илғор келажагимиз фаровонлигига йўналтирайлик. Дубай аёллар ташкилоти аёллар учун йирик муваффақиятларда инновация ва доно етакчиликни сафарбар этади. Ўзбекистон ушбу қадриятларни қўллаб-қувватлайди ва янги ҳамкорлик учун доимо очиқдир.

Бувим Иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғини ҳам руҳан, ҳам молиявий жиҳатдан қандай қўллаб-қувватлаганини яхши эслайман. Онамнинг отам ва бизга, фарзандларига чексиз мадад ва меҳр-муҳаббатини аямагани доим ёдимда туради.

Бугун биз мисли кўрилмаган тараққиётга эришдик, аммо янги таҳдидларга ҳам дуч келяпмиз.

Ушбу жараёнларнинг олд қаторида турган аёллар қишлоқ жойларида ресурслар етишмаслигидан азият чекмоқда ва шаҳарларда ишлаш орқали оилавий мажбуриятини бажаришга ҳаракат қилиб азобланмоқда. Вақт биздан яхши она, фаол мутахассис, жамиятимизда ўрнак бўладиган аёл ва оилада молиявий барқарорлик ҳақида ғамхўрлик қилишни талаб қилади.

Бугунги тараққиётимизга ҳисса қўшган оналаримиз ва бувиларимиз ҳар томонлама фидокорона меҳнат қилганлар, аммо гендер тенглик масаласида тараққиётни ҳеч қачон орзу қила олмаганлар. Биз бугунги кунда мавжуд имкониятлар учун оналаримиз ва бувиларимиздан қарздормиз ва стереотипларни бартараф этиш ва кундалик ҳаётга ўзгаришлар киритиш учун курашаётган кейинги авлод қизларига ўз ютуқларимизни сақлаб қолиш ва ошириш учун масъулмиз.

Аёлларимиз жаҳон тараққиётига ҳисса қўшишга қодир, бизнинг вазифамиз эса бунинг учун қулай муҳит яратишдир. Энг қийин вазифа — улар энг яхшисига лойиқ эканликларига ишонтиришдир. Олдимизда қийин йўл бор, лекин бунга арзийди. Хотин-қизларни кучайтириш орқали биз миллатни ва бутун инсониятни мустаҳкамлаймиз!”

Эслатиб ўтамиз, Саида Мирзиёева Бутунджаҳон аёллар форумида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг қизи иванка Трамп билан ҳам учрашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг