Мисрда Византия даврига оид шаҳар қолдиқлари топилди
Бу қизиқ
−
04 июл 715 2 дақиқа
Археологлар Миср ғарбидаги Ливия саҳросида жойлашган Дахла воҳасида Византия империяси таркибига кирган IV асрга оид шаҳар қолдиқларини аниқлади. Бундан ташқари, Александрия яқинидаги Марина-эл-Аламейн ҳудудидан 18 та қадимий мақбара – 11 та қояга ўйиб ишланган ва 7 та ер усти қабри топилган. Бу ҳақда мамлакат Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлигига таяниб “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, Дахла воҳасида шимолдан жанубга ва шарқдан ғарбга қараб кесишган кўчалардан таркиб топган мавзелар топилган. Тураржойнинг бош кўчаларига қараган чекка қисмида ибодатхона ва иккита кузатув минорасининг қолдиқлари жойлашган. Ушбу ҳудудда, шунингдек, қалин мустаҳкамланган деворларга эга мудофаа иншоотлари ва гумбазли том остидаги тураржой бинолари ҳам аниқланган. Улардан бири диакон (руҳоний ёрдамчиси) уйи деб топилган бўлиб, ундан ибодатхона қурилгунига қадар черков сифатида ҳам фойдаланилган.
Археологлар, шунингдек, нон ёпиш учун мўлжалланган печлар, ошхона анжомлари ва маҳсулотларни майдалаш учун тош қуролларни топган. Бундан ташқари, Византия императорларининг портретлари, лотинча ёзувлар ва насронийлик рамзлари туширилган, яхши сақланган бронза тангалар ҳамда Рим императори Констанций II ҳукмронлик қилган даврга (милоддий 337 йилдан 361 йилгача) оид олтин тангалар топилган.
Марина-эл-Аламейнда эса сопол идишлар, амфоралар, чироқлар, ликоплар, қурбонгоҳлар ва оҳактошли косалар, дафн маросими доирасида марҳумларнинг оғзига солинган тўртта олтин танга, шунингдек, ичида скелет қолдиқлари бўлган 2,5 метрли гранит саркофаг ва унинг ёнидан гипсдан ясалган сфинкс ҳайкалининг парчалари топилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ халқаро археологлар гуруҳи Мексика жунглиларида илгари номаълум бўлган, олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, минг йилдан ортиқ вақт давомида яширин бўлиб келган Майя цивилизациясига тегишли шаҳарни аниқлаган эди.