Миср Президенти Маҳмуд Аббос билан учрашди
Олам
−
09 Январь
2563Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси Қоҳирада фаластинлик мавқедоши Маҳмуд Аббос билан музокаралар чоғида фаластинликларнинг мажбурий кўчирилишига қаршилигини айтиб ўтди. Бу ҳақда Миср раҳбарининг расмий вакили Аҳмад Фаҳми маълум қилди.
“Музокаралар давомида президентлар фаластинликларни ўз ҳудудидан чиқариб юборишнинг ҳар қандай шаклини қатъиян рад этишларини тасдиқладилар”, деб ёзди у Facebоok'даги саҳифасида.
Миср Президентининг таъкидлашича, унинг мамлакати ҳозирда Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва у ерга етарли миқдорда инсонпарварлик ёрдамини зудлик билан етказиш учун муҳим саъй-ҳаракатларни амалга ошириб, томонлар билан барча зарур алоқаларни давом эттирмоқда.
Шунингдек, у Аббос бошчилигидаги Фаластин миллий маъмурияти ҳозирги воқеаларда асосий роль ўйнаши ва бу сиёсий куч айни пайтда барча имкониятларини ишга солиши зарурлигига тўхталган.
Миср Президентининг қўшимча қилишича, Яқин Шарқ минтақасида хавфсизлик ва барқарорликнинг ягона кафолати 1967 йилдаги чегаралар доирасида пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини барпо этишдир.
Ўз навбатида, Фаластин Президенти Миср раҳбарига Фаластин масаласини қўллаб-қувватлагани ҳамда Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги қон тўкилишларига қарши саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг 12 октябрь куни Миср Ғазо қочқинлари учун чегарасини очмаган ва ўша йилнинг декабрь ойи охирларида Миср ҳукумати Исроил ва ҲАМАСга Ғазо сектори устидаги можарони ҳал қилиш бўйича уч босқичдан иборат режани таклиф қилган эди.