Миср Исроил ва ҲАМАСга янги сулҳ режасини таклиф қилди
Олам
−
14 Март
1274Миср Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатига Ғазо секторида 60 кунлик сулҳ, гаровга олинган қолган исроилликларни озод қилиш ва урушни тўхтатиш бўйича музокараларни бошлашни ўз ичига олган янги келишув таклифларини тақдим этди. Бу ҳақда “The National” хабар берди.
Қайд этилишича, ҲАМАСнинг ташаббусга дастлабки муносабати “умидбахш” бўлган, бироқ Исроил ҳукумати ҳали ҳам таклифларни ўрганмоқда.
“Миср режаси янги йўл харитаси бўлиб, унинг асосий бандлари америкаликлар билан келишилган. У Ғазода ўт очишни тўхтатиш режими муддати тугаган 1 мартдан бери биз дуч келган боши берк кўчадан чиқиш учун мўлжалланган”, дейилади хабарда.
Қолаверса, 11 март куни Исроил Мисрнинг воситачилар билан тузган режасини қоралаш учун Қатарга ўз делегациясини юборган.
Миср таклифларига кўра, сулҳнинг янги босқичи ўн нафар гаровга олинганларни, жумладан, Фаластин анклавида ушлаб турилган беш нафар Америка фуқаросининг барчасини ёки бир қисмини озод қилиш билан бошланади. Манбаларнинг аниқлик киритишича, уларни озод қилиш босқичма-босқич амалга оширилиши керак. Ҳар бир босқич доирасида Исроил маълум миқдордаги фаластинлик маҳбусларни озод қилади. Нашр маълумотларига кўра, биринчи тўлқинга Фаластин гуруҳларининг юқори мартабали вакиллари кириши мумкин. Шунингдек, ушбу сулҳ режасида Исроилнинг Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдами, ёқилғи ва энг зарур нарсаларни етказиб беришга қўйган тақиқини бекор қилиш таклиф қилинмоқда. Бундан ташқари, музокаралар муваффақиятли ўтса, Исроил қўшинларини Ғазо секторидан тўлиқ олиб чиқиш ва доимий ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар бошланиши мумкин.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 март куни Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувнинг биринчи босқичи якунланди, унда гаровга олинган 33 киши, жумладан, ҳалок бўлганлар Исроилга қайтарилди. Бунинг эвазига Исроил 1,5 мингдан ортиқ фаластинликни қамоқдан озод қилди. Эртаси куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазога инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш тўхтатилишини ва барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпилишини эълон қилди. Исроил томони буни ҲАМАСнинг АҚШ Президенти махсус вакили Стивен Уиткоффнинг сулҳни узайтириш режасини қабул қилишдан бош тортгани билан изоҳлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил кучларининг Ғазо секторига ҳужуми оқибатида бир кун ичида саккиз киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу ҳаракат сулҳ талабларини бузиш деб баҳоланган.
LiveБарчаси