Мишустин ШҲТ саммитида Россия учун оғриқли мавзуни кўтарди

Олам

image

Россия Бош вазири Михаил Мишустин Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарларининг видеоконференция шаклида ўтган кенгаши йиғилишида сўзга чиқиб, Ғарб замонавий дунёнинг кўп қутблилигини қабул қилишга тайёр эмаслиги ва санкциялар орқали имтиёзли позицияни сақлаб қолишга интилаётганини айтди. Унинг нутқи РФ ҳукумат порталида эълон қилинган.

“Санкциялар ички ишларга аралашиш воситасига айланиб бормоқда, турли уйдирма баҳоналар билан савдо ва инвестицияда протекционистик чоралар жорий қилиняпти”, дейди Мишустин.

Шунингдек, Россия Бош вазири коронавирус пандемияси вазиятни янада оғирлаштираётганини айтди. Унинг таъкидлашича, дунёда иқтисодий фаоллик ва савдо айланмасининг пасайиши, даромаднинг пасайиши, ишсизликнинг кўпайиши кузатилаётган пайтда COVID-19 истисносиз барча давлатлар учун стресс имтиҳонига айланди.

“Шу билан бирга, баъзи тахминларга кўра, ШҲТга аъзо давлатлар иқтисодиётининг бу йилги ўртача пасайиши жаҳон иқтисодиётидаги пасайишдан камроқ бўлади”, деб қўшимча қилди Бош вазир. Унинг сўзларига кўра, бу келажакка бироз ишонч бағишлайди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойи бошида АҚШ Россиянинг “Авиазапчасть”, “Элекон” ва Nilco Group компанияси ҳамда Хитойнинг иккита компаниясига қарши санкциялар жорий қилди.  

АҚШ Давлат котиби Майк Помпеонинг сўзларига кўра, чекловлар Эроннинг ракета дастурини тўхтатишга қаратилган. Чекловлар орасида ушбу компаниялар билан ҳар қандай товар ва технологияларни сотиб олиш учун шартномалар тузиш ва уларга давлат идораларидан ёрдам бериш каби чоралар бор.

Маълумот учун, жорий йилнинг ноябрь ойи охирида Президент Владимир Путин Ғарб давлатларига қарши санкцияларни 2021 йил охиригача ва расмий Москвага чекловлар қўйган давлатлардан озиқ-овқат, хомашё, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турларини олиб киришга қўйилган тақиқни узайтирди.

Қайд этиш керакки, Россия 2014 йилда Украинанинг Қрим яриморолини ўзига қўшиб олганидан кейин Ғарб давлатлари унга қарши санкциялар жорий қилганди. Ўтган 6 йил ичида расмий Москва буни инкор қилса ҳам санкциялар ўз ишини қилди ва бу аҳоли турмуш даражасида намоён бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Михаил Мишустин

Баҳолаганлар

232

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг