Мишель фон дер Ляйендан қасос олмоқчи – “Politico”
Олам
−
04 Июнь
7822Европа Кенгаши раҳбари Шарль Мишель Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйендан ўч олиш истаги туфайли унинг иккинчи муддатга сайланишига йўл қўймаслик ниятида. Бу ҳақда Европанинг “Politico” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Брюсселда Европа расмийлари Мишель кўп йиллик рақобатдан кейин "ўз душманини" ағдариб ташлашни режалаштираётганидан қўрқишяпти. Исми ошкор этилмаган европалик мулозимнинг сўзларига кўра, Мишель Европа парламентига сайловлардан сўнг, Брюсселда яна бир “юқори лавозим”ни эгаллаши мумкин бўлса, Еврокомиссия раҳбарининг “қоқилишини” истайди.
“Европа Иттифоқининг кўплаб аъзолари Европарламент сайловларидан кейин ЕИ саммитида Иттифоқнинг юқори лавозимларини тақсимлашга раҳбарлик қиладиган Мишель конструктив ҳаракатлар ўрнига фон дер Ляйендан "шахсий қасос олиш кун тартибини" олиб боришидан хавотирда”, деб ёзади нашр.
Таъкидлаш жоизки, Мишель Европа Кенгашига раҳбарлик қилган йиллари давомида "танқид ва масхара нишонига айланган" бўлса, фон дер Ляйеннинг шуҳрати COVID-19 пандемияси ва Украинадаги можаро шароитида фонида ўсиб борди.
Еврокомиссиянинг амалдаги раҳбари сўровномаларда ўз рақобатчиларидан олдинда, бу эса сайлов натижаларидан кейин ҳокимиятни сақлаб қолиш учун мустаҳкам асос беради.
Маълумот учун, Европа Иттифоқининг асосий ҳужжатларига кўра, Еврокомиссия раҳбари Европа Иттифоқи раҳбарларининг саммити қарори билан тайинланади ва Европарламентда яширин овоз бериш йўли билан тасдиқланади, унда номзод кўпчилик овозини олиши керак. Европарламентга сайловлар 6-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни Шарль Мишель Европарламент сайловларида қатнашмаслик қарорини эълон қилганди. Урсула фон дер Ляйен эса 7 март куни Бухарестда бўлиб ўтган Европа халқ партияси конгрессида Европа комиссияси раҳбарлигига расман номзод сифатида кўрсатилган эди