Мирзиёевнинг Путин билан учрашуви бошланди (видео)
Олам
−
02 Сентябрь 8701 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия раҳбари Владимир Путин билан Хитойдаги икки томонлама учрашуви бошланди. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Давлат раҳбарлари ШҲТ саммити доирасида ҳам қисқа суҳбат қилган эди. Энди эса улар тўлиқ форматдаги музокараларни бошлади.
Россия Президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаковнинг маълум қилишича, учрашувда асосан икки томонлама масалалар ва давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш йўллари муҳокама қилинади.
Маълумот учун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан 30 август - 3 сентябрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.
Ўзбекистон Президенти 3 сентябрь куни Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Пекиндаги байрамларда, шунингдек, Камбоджа, Вьетнам, Лаос, Малайзия, Мўғулистон, Покистон, Непал, Мальдив ороллари, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Озарбайжон, Арманистон, Эрон, Конго Республикаси, Зимбабве, Сербия, Словакия, Куба ва Мьянма давлат ҳамда ҳукумат раҳбарлари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 сентябрь куни Хитойга расмий ташриф доирасида Пекин шаҳрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтганди. Учрашув давомида Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга таклиф қилган.