Мирзиёевнинг Озарбайжонга отланаётгани айтилди
Жамият
−
07 Июль 2023
9716Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яқин кунларда Озарбайжон Республикасига ташриф буюради. Бу ҳақда 5 июль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ўртасида ўтган учрашувда сўз борган.
Қўшилмаслик ҳаракати мувофиқлаштирувчи бюросининг вазирлар йиғилишида иштирок этиш учун Бакуга борган Бахтиёр Саидов Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиевнинг қабулида бўлган.
Бахтиёр Саидов Президент Илҳом Алиевга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва самимий тилакларини етказган. Ўз навбатида Алиев ҳам Саидов орқали Мирзиёевга салом йўллаган.
Бахтиёр Саидов Озарбайжон Президентининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида икки давлат раҳбарлари томонидан берилган топшириқлар асосида фаолият давом эттирилаётганини таъкидлаб, белгиланган барча мақсадлар диққат марказида эканини айтган.
Президент Илҳом Алиев, ўз навбатида, Ўзбекистонга давлат ташрифини мамнуният билан эслаган. Давлат раҳбари Ўзбекистон томонидан ишғолдан озод қилинган ҳудудларда мактаб қуриш лойиҳаси алоҳида аҳамият касб этишини билдирган, яқин кунларда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи кутилаётганини айтган.
Суҳбат чоғида Озарбайжон ва Ўзбекистон Қўшилмаслик ҳаракати, Туркий давлатлар ташкилоти ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасида самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани алоҳида таъкидланиб, икки томонлама кун тартибидаги масалалар юзасидан фикр алмашилган.