Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи давомида ЕИ билан янги шартнома имзоланади
Жамият
−
19 Ноябрь 2021
4697Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев келгуси йилда Брюсселга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ўзбекистон–Европа Иттифоқи Ҳамкорлик кенгаши йиғилиши якунларида маълум қилди.
Таъкидланишича, ташриф давомида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилган.
“Айтишим мумкинки, биз Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тайёрлашда жуда жиддий ютуқларга эришдик. Биз ушбу лойиҳани яқин келажакда якунлаш ниятидамиз, бу ҳужжатни давлатимиз раҳбарининг келаси йили Брюсселга ташрифи чоғида имзолашни режалаштирганмиз.
Катта эътибор инсоний ўлчов, демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар, болалар ва мажбурий меҳнат масалалари бўйича ўзаро ҳамкорликка қаратилди”, деган Комилов.
Комилов келажакда ҳали қилинадиган ишлар кўп эканлигини тушунишини таъкидлаган.
“Шу нуқтаи назардан янги ютуқларга эришиш учун ЕИдаги ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган у.
Аввалроқ, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бельгия пойтахти Брюсселга ташриф буюриши режалаштирилаётгани ҳақида хабар бергандик.