Мирзиёевни Илҳом Алиев ҳам табриклади
Жамият
−
24 Июль 2023
1802Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни туғилган куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 24 июль куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевнинг телефон орқали мулоқотида икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш, кооперация лойиҳаларини илгари суриш ва ўзаро савдони кўпайтириш масалалари диққат марказида бўлган.
Озарбайжон етакчиси Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан дилдан қутлаб, мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар, кўп миллатли Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.
Шунингдек, ўтган ҳафта Ўзбекистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Озарбайжонга амалга оширган ташрифи ҳамда унинг самарали якунлари ва қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг Шуша шаҳрида ўтказилган навбатдаги йиғилиши натижалари мамнуният билан қайд этилган.
Бўлажак олий даражадаги саммитга қадар қатъий келишув ва битимлар тўпламини шакллантириш муҳимлиги таъкидланган.
“Фаол маданий-гуманитар алмашинувларни ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорликни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 66 ёшни қаршилади. Шу муносабат билан бундан олдин республика раҳбарини Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Қозоғистон етакчиси Қосим-Жомарт Тўқаев табриклаганди.