Мирзиёева ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гапирадиганлар учун дуода бўлишни сўраяпти

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаси орқали Қурбон ҳайити муносабати билан байрам табригини йўллаб, Президент Мирзиёев мамлакат халқи яна олдингидек фаровон ҳаётга қайтиши учун барча чораларни кўраётганини айтди. У сўзини коронавирус сабаб яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдиришдан бошлади. 

“Олти ой олдин ҳаммаси бошқача эди. Ҳаёт бир маромда ўтарди, кўчаларда бемалол юрар, хоҳлаган жойимизга борар, ёқтирган ишларимиз билан шуғулланар ва, энг асосийси, қандайдир мақсадлар билан яшар эдик.

Бугун эса мамлакатимиз аҳли саросима ва қайғуда. Ўзбекистонимизда касаллик авж олган, бундан ҳар биримиз ташвишдамиз. Яқинлар, дўстлар, ота-оналар,қавму қариндошлар — ҳаммадан ҳар куни бир-биридан ғамгин воқеаларни эшитяпмиз. Буларни тинглаш оғир ва қайғули.

Яқинларини йўқотган барча кишиларга ўз ҳамдардлигимни билдираман. Хасталикка қарши мардонавор курашаётганларга шифо, уларга ғамхўрлик қилаётганларга эса сабр-тоқат тилайман. Сизга куч-қувват ёр бўлсин!”

Мамлакатда шифокорларнинг сабри синовдан ўтмоқда. Ўзбекистонда 15 март куни бошланган пандемия 4,5 ойдирки, шифокорларни анча толиқтириб қўйди. Касаллик эса кундан кунга авж олмоқда. Янги шиофхоналар қурилди, айрим йирик объектлар вақтинча шифохоналарга мослаштирилди. Ўзбекистонда шифокорлар, ҳамширалар ва бошқа тиббиёт ходимларига эҳтиёж соат сайин ортмоқда. Мирзиёева ҳам ўз табригида ҳаётини хавф остига қўйиб, касаллик билан курашаётган тиббиёт ходимларини олқишлайди. 

“24 соат давомида тик оёқда ишлаётган шифокорларга таъзим қиламан, улар саломатликларини хатарга қўйиб, беморларни даволашда давом этмоқдалар. Бугун уйига боролмай, иш жойида қолишга мажбур бўлаётган барча-барчага минг раҳмат. Тўрт девор ичида буларнинг ҳаммасини тезроқ барҳам топишини сабрсизлик билан кутаётганларни яхши тушунаман. Осон эмас. Лекин ҳозир биздан талаб этиладигани фақат сабрдир. Кутишдан бошқа иложимиз йўқ.

Биз албатта одатий ҳаётимизга, эркин ва бахтиёр кунларга қайтамиз. Ишонтириб айтаманки, Президентимиз шундай кунлар тезроқ келиши учун ҳамма чораларни кўрмоқдалар,  бирор сўзингизни эътибордан четда қолдирмай, ҳар бирингизнинг дардингизга шерик бўлмоқдалар. Президент учун ҳаммамиз, бутун халқимиз ягона, катта бир оила ва бунда ҳар бир инсоннинг муносиб ўрни бор”, дейди Саида Мирзиёева. 

Миллий мас-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раисининг сўзи якунидаги жумласи эътиборга молик. У барчадан дуода бўлишни сўраркан, ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гапирадиганлар учун ҳам дуо қилишга чорлайди. Президент оиласи аъзосининг ўз табригида сўз эркинлигини очиқ-ойдин қўллаб-қувватлаши бугунгача Ўзбекистон шароитида бу тарзда қайд этилмаган. Айниқса, минтақа мамлакатларида коронавирус билан боғлиқ фактлар яширилаётган бир пайтда Мирзиёеванинг очиқлик ва ошкоралик учун ҳам дуода бўлишга чорлови мамлакатнинг бу борадаги принциплари мустаҳкам эканини кўрсатаётгандек. 

“Мана шундай ёруғ ва улуғ байрамда барчамиз куч ва жасоратимизни жамлаб, дуода бўлишимизни сўрайман. Бугун касаллик туфайли орамиздан кетганлар учун, хасталик билан курашаётганлар ва уни енгаётганлар учун, яқинларини йўқотиб, изтироб чекаётганлар, барча-барча учун. Фарзандлари қорнини тўйдириш ғамида юрганлар учун. Ўзида борини бегоналардан аямаётган  кўнгиллилар учун. Ва ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гапирадиганлар учун.

Ўзбекистон халқи учун”, дейди Мирзиёева. 


Мақола муаллифи

Теглар

Саида Мирзиёева

Баҳолаганлар

1251

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг