Мирзиёев Жээнбеков билан уч давлатни боғловчи темир йўл лойиҳасини муҳокама қилди

Жамият

image

Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг кенгайиши ва мустаҳкамланишида, турли соҳалардаги серқирра ҳамкорликнинг ривожланишида кузатилаётган барқарор ижобий тенденцияни катта мамнуният билан қайд этди.

Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, ишлаб чиқариш кооперациясининг кўлами кенгаймоқда, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик амалга оширилмоқда. 

Чегараолди вилоятлар ҳокимлари кенгаши ҳамда Парламентлараро ҳамкорлик бўйича комиссия йиғилишлари шерикликни янада кенгайтиришда катта салоҳият ва қатъий интилиш мавжудлигини кўрсатди.

Суҳбат чоғида илгари эришилган келишувларни изчил амалга ошириш, ҳудудлараро ҳамкорлик имкониятларини тўлиқ ишга солиш, шунингдек, маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.

Президентлар минтақавий инфратузилма лойиҳаларини кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратдилар. Хусусан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш муҳимлиги ва иқтисодий долзарб экани таъкидланди.

Томонлар ушбу лойиҳанинг барча иштирокчилари ўртасида ўзаро англашув мавжудлигини ва улар бўлажак ҳамкорликка тайёр эканини мамнуният билан қайд этдилар.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари икки қардош халқ фаровонлиги ва манфаатлари йўлида ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги анъанавий дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Қирғизистон Сооронбай Жээнбеков

Баҳолаганлар

15

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг