Мирзиёев жаҳон чемпионатига чиққан футболчиларни тақдирлашини айтди (видео)
Спорт
−
06 Июнь 31722 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев Абу-Дабидаги (БАА) ўйиндан сўнг футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларига қўнғироқ қилиб, уларни тарихий ютуқ - илк бор жаҳон чемпионатига чиққани билан самимий табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари ўз табригида бу ғалаба бутун Ўзбекистон халқининг ютуғи эканини айтган. Президент телефон суҳбати давомида янги фармон имзолашини айтди. Унга кўра, футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бош мураббийи Темур Кападзе бошчилигидаги терма жамоа аъзоларига “Ўзбекистон ифтихори” фахрий унвони берилади.
Суҳбат давомида Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов эса FIFA Президенти Жанни Инфантинонинг Ўзбекистон раҳбарига ва бутун халққа йўллаган табригини етказди.
Маълумот учун, кеча, 5 июнь куни Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси саралаш босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўзининг “Ал-Наҳайён” стадионида қабул қилди ва ўйин 0:0 ҳисобида якунланди.
Ушбу беллашувда қайд этилган дуранг натижаси билан Тэмур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини расман қўлга киритди.
Беллашувни австралиялик элит реферилар бригадаси бошқарди. FIFA ҳаками Шон Эванс майдондаги асосий назоратни олиб борди.
Ушбу ғалаба 34 йил кутилган натижа деб баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси саралаш босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши баҳс олиб бориб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини табриклаганди.
Live
Барчаси