Мирзиёев Янги Тошкентдаги қурилиш лойиҳалари билан танишди
Жамият
−
28 Декабрь
4725Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 28 декабрь куни Янги Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш ва ободонлаштириш лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълумки, янги шаҳарга 2023 йил 18 март куни тамал тоши қўйилган эди. Шу муносабат билан ўтган маросимда давлат раҳбари у “яшил шаҳар” бўлишини айтган эди. Бу ҳаво ва сув тозалиги, муқобил энергия манбалари, дарахтзорлар кўплиги каби мақсадларни ўз ичига олади. “Тошкентнинг яшил белбоғи” лойиҳаси шу ердан бошланади. 420 гектар майдонда Марказий боғ барпо этилиб, 200 минг туп дарахт экилади.
"Бунинг учун иш ҳозирдан бошланиб, 50 гектар майдонда кўчатхона ташкил этилган. Президентимиз шу ерда бўлиб, навниҳолларни кўздан кечирди. Бўлажак дарахтзорларнинг ландшафт дизайни, суғориш ва парваришлаш тизими ҳақида маълумот берилди", дейилади хабарда.
Билдирилишича, ҳозирда кейинчалик кўчириб ўтказиш учун 27 минг туп манзарали дарахт кўчатлари экилган. Шунингдек, иссиқхона, қозонхона, кўчатларни сақлаш ва суғориш тизимлари барпо этилган.
Қайд этилишича, янги шаҳарда тегишли вазирлик ва идоралар ишини ташкил этиш учун вақтинчалик маъмурий бинолар қурилмоқда. Президент Мирзиёев улардаги шароитлар билан ҳам танишди.
"Ҳозирда енгил конструкциялардан 4 та бино ва ёрдамчи иншоотлар барпо этилган. Бунда тўлиқ маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган. Офислар “open space” услубида бўлиб, ҳар бирида 250 нафаргача ходим фаолият юритиши мумкин", дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бу вазирлик ва идоралар ишини босқичма-босқич шу ерда ташкиллаштириш имконини бериб, Тошкентдаги тирбандликни камайтиришга ҳам хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ оссиянинг Ўзбекистондаги тижорат ваколатхонаси Тошкент шаҳрида қурилаётган Янги Тошкент туманида Санкт-Петербург квартали барпо этилишини эълон қилганди.
LiveБарчаси