Мирзиёев янги қурилган аэропортни бориб кўрди
Жамият
−
27 Август 29048 2 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 27 август куни “Тошкент-Шарқий” аэродроми негизида қуриб битказилган янги аэропортни бориб кўрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Аэропортнинг қурилиши 2017 йилда бошланган эди. Унинг умумий майдони 561 гектардан иборат. Эндиликда 4 километр узунликдаги учиш-қўниш йўлаги ва 3 та ҳаракатланиш йўли янгиланиб, энг оғир самолётларни ҳам қабул қилиш қувватига эга бўлди. 20 та самолётга мўлжалланган перрон барпо этилди. Boeing 787, А 320 каби самолётлар, бизнес-жетлар ҳамда вертолётлар учун ангарлар қурилди. Президент матбуот хизматининг ёзишича, бу уларнинг қишда илиқ, ёзда салқин сақланиши ва хавфсизлигини таъминлайди.

Аэропортда VIP ва CIP терминаллар бунёд этилган. Олий мартабали меҳмонлар залида расмий кутиб олиш, музокаралар ва брифинг ўтказиш учун барча шароитлар яратилган. Соатига 100 йўловчини қабул қилиш қувватига эга CIP терминалида дўкон ва овқатланиш жойлари бўлади.
Қайд этилишича, аэропорт ICAO III-А тоифасидаги илғор радиотехника ва метеорология ускуналари билан жиҳозланади. Бу ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳам учиш ва қўниш имконини беради.
Хабарда айтилишича, янги аэропорт қулай жойлашуви туфайли пойтахт ва Янги Тошкент шаҳри учун муҳим транспорт хабига айланади. Халқаро ташрифлар ва ишбилармонлик сафарларини амалга ошириш имкониятлари кенгаяди, хорижий инвесторлар учун шароитлар яхшиланади. Натижада иқтисодий алоқалар ва хизмат кўрсатиш соҳаси янада ривожланиб, янги иш ўринлари яратилади.

Аэропортни кўздан кечирар экан, Президент Мирзиёев шундай деди:
“Кўп йил тайёргарлик қилиб, мана шундай аэропорт қурдик. Бу ҳам давлатчиликнинг яна бир замини. Бу ерда юртимизга келадиган меҳмонлар ва самолётларга юқори даражада хизмат кўрсатилади. Натижада Тошкент халқаро аэропортига юклама енгиллашади. Худо хоҳласа, у аэропорт учун ҳам бошқа жойда улкан мажмуа қуришни режалаштирганмиз. Умуман, ҳамма ҳудудларимизда катта-катта лойиҳаларни бошлаганмиз. Илоҳим, тинчлигимизга кўз тегмасин, янги иншоотлар, фаровонлик халқимизга буюрсин”.
Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятининг Арнасой туманида янги аэродром қурилганди. Аэродром Айдаркўл бўйида жойлашган. Янги йўлакни биринчи бўлиб CASA C295W ҳарбий транспорт самолёти синаб кўрди. Аэродром келажакдаги курорт мажмуаси учун транспорт марказига айланиб, ҳудудни сайёҳлар учун очилиши ва бу ерга сафарни максимал даражада кўпайиши кутилмоқда.
Live
Барчаси