Мирзиёев янги қарорни имзолади, солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоби “музлатиб” қўйилмайдиган бўлди
Жамият
−
25 Сентябрь 2019
5883Бугун, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг "Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори имзоланди.
Қарорга кўра, давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатиб туришнинг амалдаги тартиби бекор қилинади.
Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда хорижнинг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг янги таҳрири лойиҳасида давлат солиқ хизмати органларининг солиқ тўловчиларнинг тижорат банкларидаги ҳисобварақалари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш ваколатини қайта кўриб чиқиши белгиланган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги қонунининг 5-моддаси (Давлат солиқ хизмати органларининг ҳуқуқлари), 8-бандида солиқ идоралари юридик ҳамда жисмоний шахслар ҳужжатлар асосида (ҳисоб-китобли) текширув ўтказилишини ёки давлат солиқ хизмати органларининг мансабдор шахслари даромад (фойда) олиш учун фойдаланиладиган ёки солиққа тортиш объектини сақлаб туриш билан боғлиқ бинолар ва жойларга киришини рад этса, солиқлар ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия ва Республика йўл жамғармаларига мажбурий тўловларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш билан боғлиқ молиявий ҳисоботлар, ҳисоб-китоблар, декларациялар ва бошқа ҳужжатларни солиқ хизмати органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига тақдим этмаса (ёки тақдим этишни рад қилса), бундай юридик шахсларнинг, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг банклардаги ва бошқа молия-кредит муассасаларидаги ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисобварақлари бўйича операцияларини тўхтатиб қўйиш ваколатига эгалиги кўрсатилган.
Бундан ташқари, 2020 йилдан бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш кўзда тутилмоқда.