Мирзиёев янги электропоездда Ҳожикентга борди
Жамият
−
06 Декабрь
11316Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 6 декабрь куни “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоездни кўздан кечирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, давлат раҳбарининг ўтган йил 10 октябрдаги қарорига мувофиқ, “Ўзбекистон темирйўллари” акциядорлик жамиятини трансформация қилинмоқда. Жамият таркибида инфратузилма, вагон хизмати, йўловчи ташиш кабилар билан шуғулланувчи 6 та мустақил корхона иш бошлаган.
Қайд этилишича, ўтган даврда мамлакатда 3 минг километрдан зиёд темирйўллар электрлаштирилган. Бухоро – Урганч –Хива темирйўл тармоқларини электрлаштириш якуний босқичда. Мискин – Нукус йўналишида жадал давом эттирилмоқда. Тошкент атрофида ҳам электрлашган йўл қурилиб, поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошди.
Энди “Тошкент – Хўжакент” йўналишида янги электропоезд қатновга қўйилмоқда. Давлат раҳбари ушбу поездга чиқиб, ҳаракатланиши ва қулайликларини кўрди.
“Вагонлар шинам ва ёруғ, йўловчилар учун қулай. Ўриндиқлар сони 586 та. Маълумот таблолари ва ёнғин хавфсизлиги тизими ўрнатилган. Поезд соатига 120 километргача тезликка чиқа олади. Ҳар бир тарафга кунига учтадан қатнов йўлга қўйилади”, дейилади хабарда.
Сафар чоғида Мирзиёев темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун шароитларни яхшилаш, темирйўлларни электрлаштириш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботларини тинглаган.
“Тошкент ва Ҳожикент оралиғидаги темирйўлга туташ майдонларни 2025 йилги реновация дастурига киритиб, уларни тартибга келтиришга кўрсатма берилди. Йўналишдаги эгри қисмларни тўғри қилиб қайта қуриш орқали кунлик экспресс поездлар қатновини кўпайтириш ва кўпроқ йўловчиларга хизмат кўрсатиш учун шароит яратиш топширилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, “Яшил макон” лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам муҳокама қилинди. Темирйўл четларини кўкаламзорлаштириш, сув ресурслари чекланган ҳудудларда хорижий тажриба асосида қурғоқчиликка чидамли ўсимликларни экиш, чет элдан фақат маҳаллий иқлимимизга мос бўлган кўчатларни келтириш зарурлиги қайд этилди.
LiveБарчаси