Мирзиёев ва Путин тор доирада музокара ўтказди (видео)
Жамият
−
27 Май
8647Бугун, 27 май куни "Кўксарой" қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Суҳбат аввалида Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлар экан, Россия Президенти қайта сайланганидан сўнг илк хорижий ташрифларидан бирини айнан Ўзбекистонга амалга ошираётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Ташрифга тайёргарлик доирасида парламент аъзоларининг учрашувлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, "Иннопром" кўргазмаси, икки мамлакат етакчи муҳандислик-техник олий ўқув юртлари ректорлари ва нуфузли тиббиёт муассасалари раҳбарларининг анжуманлари самарали ўтгани, Тошкентда Рус санъати ҳафталиги тадбирлари давом этаётгани таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ўсиб бораётган суръати мамнуният билан қайд этилди. Билдирилишича, ўзаро товар айирбошлаш ва Россиядан инвестициялар ҳажми кўпаймоқда, саноат кооперацияси ривожланмоқда. Қўшма лойиҳалар портфели 45 миллиард долларни ташкил этди.
“Бизда жуда кенг кун тартиби бор, биз биринчи марта 63 банддан иборат “Йўл харитаси”ни имзоладик, бу ҳақиқатан ҳам амалга оширилмоқда”, деган Мирзиёев.
Етакчи корхоналарнинг қўшма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция платформасини ишга тушириш юзасидан келишувга эришилди.
Президентлар ҳудудлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бугун давлат раҳбарлари раислигида Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари кенгашининг биринчи мажлиси бўлиб ўтади.
Шунингдек, етакчилар энергетика, шу жумладан атом энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, инновациялар, миграция, хавфсизлик ва бошқа соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилди.
Кўп қиррали маданий-гуманитар алмашинув ривожланаётганига юқори баҳо берилди. Ташриф давомида Маданий ҳамкорлик дастури қабул қилинади.
Таълим ва муҳандис кадрларни тайёрлаш соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистонда Бауман номидаги Москва техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалларини очиш бўйича келишувларга эришилди.
Давлат раҳбарлари томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашди.