Мирзиёев ва Миср Президенти Афғонистон масаласини муҳокама қилди
Жамият
−
21 Февраль 2023
4369Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Миср Араб Республикаси Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси олий даражадаги музокаралардан сўнг оммавий ахборот воситалари вакилларига баёнот бердилар. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида фаол ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттиришга аҳдлашиб олингани айтилди. Етакчилар Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва ушбу мамлакат халқига кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни сусайтирмаслик зарурлигини таъкидлади.
Қолаверса, Мирзиёев кўҳна ва бетакрор Миср заминида Ўзбекистон делегациясига кўрсатилган самимий қабул ҳамда меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик билдириб, Миср раҳбарига халқининг улкан ютуқлари Ўзбекистонни хурсанд қилаётганини айтган.
Шунингдек, Янги Ўзбекистон стратегияси ва Мисрнинг “Янги Республика” дастури бир-бирига ҳамоҳанг экани, янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва шаҳарлар инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар уйғунлиги тўғрисида фикр алмашилган.
“Биз биргаликда нафақат икки мамлакат ўртасида, балки стратегик жиҳатдан жуда муҳим бўлган минтақаларимиз орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этишни мақсад қилганмиз”, деди Мирзиёев ўз баёнотида.
Учрашувда давлат раҳбарлари сиёсий маслаҳатлашувларни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва хавфсизлик соҳаларидаги кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш масалаларини атрофлича кўриб чиққани ҳам алоҳида урғуланган.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорликда мавжуд улкан имкониятлар ва салоҳият тўлиқ ишга солинмаётгани алоҳида қайд этилди, шу муносабат билан савдони кўпайтириш учун амалий механизмлар ва самарали чораларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Биргаликда “яшил” энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, икки давлатни боғловчи мақбул транспорт йўналишларини ишлаб чиқиш, эркин иқтисодий зоналар имкониятларидан фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишга келишиб олинди”, дейилади Ахборот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Миср компаниялари мамлакатимизда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириши учун барча шароитлар яратилишини билдириб ўтган.
“Халқларимизни умумий дин, ўхшаш анъана ва урф-одатларга асосланган азалий дўстлик ришталари боғлаб туради. Шу муносабат билан илм-фан ва таълим алмашинувлари, умумий тарихий ва маданий меросимизни биргаликда ўрганиш, ёшлар ўртасидаги ва ижодий алоқаларни кучайтириш масалалари икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорлик кун тартибида алоҳида ўрин эгаллаши таъкидланди”, дея қўшимча қилинади хабарда.
Шу билан бир қаторда икки мамлакат шоир ва адиблари, санъаткорлари ва маданият арбобларининг ўзаро ташрифларини ташкил этишга тайёрлик билдирилган.
Бунда буюк аллома Аҳмад Фарғонийнинг ибратли ҳаёт йўли ва илмий меросини чуқур ўрганиш ва ёшлар орасида тарғиб қилиш мақсадида икки мамлакат олимларининг дўстлик илмий жамиятини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган.
Мирзиёев нутқининг якунида эса Ўзбекистон-Миср саммитининг натижалари икки томонлама муносабатларни дўст халқларнинг фаровонлиги йўлида сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиши ва уларга узоқ муддатли руҳ бағишлашига қатъий ишонч билдириб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Миср ўртасида ҳамкорлик ҳужжатлари имзоланган эди.
LiveБарчаси