Мирзиёев ва Лукашенконинг қўшма баёноти

Жамият

image

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкмт Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг таклифига биноан 2019 йил 31 июль – 1 август кунлари расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Беларусь Республикаси Президенти (кейинги ўринларда – Томонлар), анъанавий очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда музокаралар олиб бориб, ўзаро манфаат касб этадиган халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан фикр алмашган ҳолда, ўзбек-белорус муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини ҳар томонлама кўриб чиқиб,  турли даражаларда икки томонлама мулоқотнинг фаоллашуви муносабати билан уларнинг изчил ривожланаётганини мамнуният билан таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ҳар икки мамлакат халқларининг туб манфаатларига мос келишига ишонч билдирган ҳолда, кўп қиррали давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш ва халқаро майдондаги саъй-ҳаракатларни янада мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлаб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти,  шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси аъзо ёки кузатувчи ҳисобланган бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳамкорликни ривожлантириш ва унинг самарадорлигини оширишга интилган ҳолда, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг ХХИ аср воқелигига мос келадиган, сифат жиҳатдан янги босқичга ўтишини таъминлашга интилиб, Ўзбекистон ва Беларусь раҳбарларининг мазкур учрашуви Томонларни қизиқтирган барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонч ҳосил қилган ҳолда, қуйидагилар тўғрисида баён қиладилар:

1. Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси тенг ҳуқуқли ва суверен давлатлар сифатида узоқ муддатли шериклик, ўзаро фойда ва бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириб борадилар. 

2. Томонлар ўзаро ҳурмат ва ишонч анъаналари, халқлар ўртасидаги кўп асрлик дўстликка асосланган ўзбек-белорус алоқалари даражасини янада оширишга ҳар томонлама кўмаклашадилар.

3. Томонлар икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари, ўзаро манфаат касб этадиган долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам фикр алмашган ва ўз позицияларини келишган ҳолда мунтазам учрашувлар,  энг аввало, олий ва юқори даражадаги учрашувлар механизмидан фойдаланиш ҳамда уни такомиллаштиришда давом этадилар.

4. Томонлар 2030 йилга қадар барқарор ривожланиш соҳасида Кун тартибини амалга ошириш ва Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида халқаро шерикликни мустаҳкамлаш учун икки томонлама,  минтақавий ва глобал форматларда ҳамкорликни давом эттирадилар.

5. Томонлар халқаро майдонларда инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида ҳамкорликни давом эттирадилар. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа универсал ва минтақавий халқаро ташкилотлар доирасида ташаббус ва номзодларни ўзаро қўллаб-қувватлаш амалиёти мустаҳкамланади.

6. Томонлар Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва кўп томонлама муносабатларни кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширадилар.

7. Томонлар белорус томонининг тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги истиқболларини муҳокама қилдилар. 

8. Томонлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан Беларусь Республикаси Миллий кенгаши ўртасидаги фаол мулоқотни олқишлайдилар ҳамда давлатлараро муносабатларнинг муҳим таркибий қисми сифатида парламентлараро ҳамкорликнинг янада ривожланиши ва чуқурлашишига ишонч билдирадилар. 

9. Томонлар икки мамлакатни янада барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга устувор аҳамият берадилар. 

10. Томонлар ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишда муҳим механизм ҳисобланадиган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг сермаҳсул фаолиятини қайд этиб, унинг ишига тизимли тус беришга келишиб олдилар.

11. Томонлар ўзаро савдодаги ижобий ўсиш суръатини,  савдо айланмаси ҳажмини кенгайтириш ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун мавжуд салоҳиятни мамнуният билан қайд этдилар.

12. Томонлар инновациялар, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик,  тўқимачилик, чарм ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика соҳаларида ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида кооперацияни янада кучайтириш, шу жумладан, учинчи мамлакатлар бозорларига чиқиш муҳимлигини таъкидладилар. 

13. Томонлар олий даражадаги ташриф доирасида Минскда ташкил этилган “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” Ўзбекистон Республикаси маҳсулотларининг миллий кўргазмаси ҳамда Ўзбекистон ва Беларусь минтақалари форумининг ўтказилиш даражаси ва натижаларини юқори баҳоладилар.

14. Томонлар савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг самарали шакли сифатида тўғридан-тўғри минтақалараро алоқаларни янада кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар. 

15. Томонлар икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида узоқ муддатли шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашадиган Ишбилармонлар қўшма кенгаши тузилишини олқишладилар.

16. Томонлар транспорт-логистика коммуникациялари соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, юк айланмасини кўпайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва таъминлашга кўмаклашиш ниятида эканликларини билдирдилар.

17. Томонлар халқаро ва минтақавий террористик ва экстремистик гуруҳларнинг фаоллиги ошиб бораётганидан,  трансчегаравий жиноятчилик, қурол-яроғ ва гиёҳванд воситалар билан ноқонуний муомалада бўлиш ҳамда одам савдосининг ўсишидан ташвишда эканликларини билдирдилар.

Шу муносабат билан, умумий,  тенг ва ажралмас хавфсизлик тамойилига содиқликларини, ўзаро ишонч ва ҳурмат,  шунингдек, бир-бирларининг манфаатларини ҳисобга олиш асосида ягона хавфсизлик маконини яратиш муҳимлиги тарафдори эканликларини тасдиқладилар.

18. Томонлар ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва кибержиноятчиликка қарши курашишда ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. 

19. Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакатнинг ҳарбий ва ҳарбий-техникавий соҳалардаги амалий шериклиги,  шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари,  ҳарбийлаштирилган тузилмалар ва фавқулодда вазиятлар муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладилар. 

20. Томонлар вазирликлар, идоралар, университетлар ва илмий ташкилотлар ўртасидаги илмий-техникавий ҳамкорлик янада ривожланишини ва илғор тажриба алмашинувини қўллаб-қувватлайдилар. 

21. Томонлар юқори ва рақамли технологиялар соҳасида яқин ҳамкорликни чуқурлаштириш ҳамда уларни, шу жумладан, икки мамлакат инновацион марказлари ва технопарклари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш орқали ҳаётга татбиқ этиш муҳимлигини таъкидладилар. 

22. Томонлар икки мамлакат халқларининг тарихи,  маданияти ва бой миллий анъаналари билан ўзаро танишиш мақсадида туризм соҳасидаги фаол алмашинувни ривожлантиришга кўмаклашадилар.

23. Томонлар икки мамлакат халқларининг маънавий ва маданий яқинлигини сақлаб қолишга ҳар томонлама кўмаклашадилар, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштирадилар.

24. Томонлар Ўзбекистон Республикаси билан Беларусь Республикаси ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида эришилган келишувларнинг самарали амалга оширилишини таъминлашга барча босқичларда кўмаклашиш ниятида эканликларини эътироф этдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев Беларусь Республикаси Президенти А.Г. Лукашенкога меҳмондўстлик ва самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор этган ҳолда, Беларусь Республикаси Президенти А.Г. Лукашенкони расмий ташриф билан Ўзбекистон Республикасида бўлишга таклиф қилди. Таклиф миннатдорлик билан қабул қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев

Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Беларусь Александр Лукашенко

Баҳолаганлар

7

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг