Мирзиёев футбол бўйича Ўзбекистон МТЖ аъзоларини табриклади

Спорт

image

Президент Шавкат Мирзиёев Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси саралаш босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасига қарши баҳс олиб бориб, жаҳон чемпионатига йўлланма олган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоларини табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Давлат раҳбари ўз табригида ушбу ғалабани муқаддас Қурбон ҳайити кунларида Ўзбекистон халқига байрам совғаси сифатида олиб келаётгани учун уларни муборакбод этган.

“Ҳеч шубҳасиз, миллий спортимиз солномасига олтин ҳарфлар билан битиладиган бундай ёрқин натижа юртимиздаги миллионлаб футбол мухлислари, бутун халқимизнинг неча йиллик орзуси эди, десак, тўғри бўлади. Сизлар профессионал билим ва малакангиз, тажриба ва маҳоратингиз, энг муҳими, юксак иродангиз ва ғалабага бўлган ишончингиз билан ана шундай орзуни реал ҳақиқатга айлантирганингиз ҳар қандай таҳсин ва тасаннога муносибдир.

Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё қитъасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман”, дейилади табрик матнида.

Маълумот учун, бугун, 5 июнь куни Жаҳон чемпионати-2026 турнири Осиё минтақаси саралаш босқичи доирасида Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси Ўзбекистон миллий терма жамоасини ўзининг “Ал-Наҳайён” стадионида қабул қилди ва ўйин 0:0 ҳисобида якунланди.

Ушбу беллашувда қайд этилган дуранг натижаси билан Тэмур Кападзе бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жаҳон чемпионати йўлланмасини расман қўлга киритди.

Беллашувни австралиялик элит реферилар бригадаси бошқарди. FIFA ҳаками Шон Эванс майдондаги асосий назоратни олиб борди.

Ушбу ғалаба 34 йил кутилган натижа деб баҳоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

табрик Жаҳон чемпионати Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг