Мирзиёев ўлим жазосини тиклаш таклифига муносабат билдирди
Жамият
−
20 Июнь 2022
23345Ўзбекистон Конституциясига "ўлим жазоси тақиқланади" деган норма киритилиши мумкин. Президент Шавкат Мирзиёев Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда шундай таклиф билан чиқди.
“Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир.
Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев мавжуд қонунларга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилаётганига муносабат билдириб, шундай деди:
“Демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган.
Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.
Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан.
Шу тариқа, биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз”.
Эслатиб ўтамиз, Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича йўлланган таклифлардан бирида аёлни ўлдирган ҳар қандай шахсни ўлим жазосига ҳукм қилиш таклиф этилганди.
LiveБарчаси