Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш таклиф қилинди
Жамият
−
28 Май 2022
30176Ўзбекистонда ўлим жазосини тиклаш таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича фуқаролардан йўлланган таклифлардан бирида сўз боради.
Аноним мурожаатчи йўллаган таклифда аёлни ўлдирган ҳар қандай шахсни ўлим жазосига ҳукм қилиш таклиф қилинган.
Шунингдек, қурбон бўлган аёлнинг вояга етмаган болалари ўн саккиз ёшга етгунига қадар таъминоти жиноятни содир этган шахс томонидан амалга оширилиши ҳам назарда тутилган.
Билдирилган таклифлар орасида коррупцион жиноятлар учун ҳам ўлим жазосини жорий этиш масаласи ҳам ўртага ташланган.
Ўзбекистонда 2008 йилгача ўлим жазоси бўлган. Президент Ислом Каримов томонидан 2005 йил 1 август куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасида ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисида”ги фармони билан 2008 йилнинг 1 январдан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилиниб, унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.
Умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан тайинланиши мумкин.
Жиноят содир этганлик учун умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар жазони махсус тартибли жазо ижро этиладиган ихтисослаштирилган муассасаларда ўтайдилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мустақилликка эришган пайтда жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ўлим жазосини назарда тутувчи 30 дан ортиқ моддалардан иборат эди. Ўзбекистон Республикасининг 1994 йилги Жиноят кодексида бундай моддалар сони 13, 1998 йилда 8, 2001 йилда эса 4 тагача камайтирилди. 2003 йилда жиноят қонунчилигини либераллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилгандан сўнг, фақат икки турдаги жиноят жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш ва терроризм жиноятларини содир этганлик учун ўлим жазоси назарда тутилади.
LiveБарчаси