Мирзиёев “Толибон” раҳбариятига ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
01 Сентябрь 7123 2 дақиқа
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 1 сентябрь куни Афғонистоннинг Кунар ва Нангарҳор вилоятларида содир бўлган зилзила оқибатида кўплаб одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати раҳбариятига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Кеча, 31 август куни Афғонистон шарқида, Покистон билан чегарадош ҳудудда 6,0 магнитудали кучли зилзила содир бўлди ва унинг ортидан 600 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, Кунар вилоятида 610 киши ҳалок бўлган, қўшни Нангарҳор вилоятида эса 12 киши вафот этган, жароҳатланганларнинг умумий сони 1 минг 550 кишидан ошган, улардан 1 минг 300 нафари Кунар вилоятидан.
Талафот юз берган ҳудудларга вертолётлар сафарбар этилган, чунки кўчкилар туфайли йўллар ёпилиб, қутқарувчилар бир қанча ҳудудларга кира олмаган. Жароҳатланганларни қутқариш ва олиб чиқиш ишлари давом этмоқда. Вайроналар остида қолиб кетганлар ҳам борлиги сабабли қурбонлар сони янада ошиши мумкин.
Ҳозирга қадар Нангарҳор аэропортидан Кунар вилоятига 35 та парвоз амалга оширилган ва 335 нафар жароҳатланган Нангарҳор минтақавий шифохонасига етказилган. Қолганларни ҳам кўчириш ишлари давом этмоқда. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, бу ҳодиса мамлакатни қамраб олган энг кучли зилзилалардан бири бўлган.
Тебраниш тунда 23:47 да юз берган. Орадан 20 дақиқа ўтиб, Нангарҳор вилоятида яна 4,5 магнитудали зилзила қайд этилган. Зилзила тунда содир бўлгани учун ҳам кўпчилик уйқуда бўлган ва вайроналар остида қолиб кетган. Расмийларнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар ҳақидаги рақамлар ҳали якуний эмас, чунки кўплаб чекка ҳудудларда аҳоли билан алоқа ўрнатилмаган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форуми тадбирларида доирасида “Толибон” муваққат ҳукуматида Саноат ва савдо вазири вазифасини бажарувчи Нуриддин Азизийни қабул қилганди. Бу Ўзбекистон етакчисининг “Толибон” расмийси билан биринчи учрашуви эди. У 3 июль куни Хонкенди шаҳридаги Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародарни қабул қилди.
Live
Барчаси