Мирзиёев ТДТ саммитида 6 таклифни илгари сурди
Жамият
−
03 Ноябрь 2023
8298Туркий давлатлар ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган 10-саммитида иштирок этган Президент Шавкат Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар эътиборига 6 та таклифни тақдим этди.
Унинг биринчи таклифида қайд этишича, ҳозирги шароитда Ташкилот доирасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва очиқлик тамойилларини мустаҳкамлаш, биргаликда турли тўсиқларни самарали енгиб ўтиш бош мақсад бўлиши керак ва “Туркий дунё хартияси”ни ишлаб чиқиш зарур.
“Ушбу ўзига хос рамзий қомусни соҳанинг етук олимлари ва экспертлар иштирокида тайёрлашни таклиф қиламан”, дейди Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг иккинчи таклифи шу кунларда иш бошлаётган Туркий инвестиция фондига оид бўлди. У Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида кейинги босқичда Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ва уни Тошкент шаҳрида жойлаштиришга тайёр эканини билдирди.
Учинчи таклиф Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш ҳақида бўлди.
“Келгусида Марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур”, дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг тўртинчи таклифига кўра, глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга.
Президент юк ташувларига ўсиб бораётган талабни қондириш мақсадида Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш чораларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Шунингдек, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига аъзо мамлакатлар орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштиришни, шу мақсадда Туркий давлатлар Темирйўл идоралари кенгашини таъсис этишни ва бу тузилманинг дирекциясини Ўзбекистонда жойлаштиришни таклиф этди.
Бешинчи таклиф, албатта, экология соҳаси билан боғлиқ. Мирзиёевнинг урғулашича, иқлим ўзгаришлари туфайли юзага келаётган турли муаммолардан бутун инсоният қаттиқ азият чекмоқда. Бундай ҳолат барчадан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб қилмоқда.
Президент вазирлар даражасида доимий фаолият кўрсатадиган Туркий экология форумининг тузилиши бу йўлда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз эканини билдирди.
Энг сўнгги, олтинчи таклиф эса туркий цивилизацияни юксалтириш ғояси технологик тараққиёт ва илғор билимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бевосита боғлиқлиги ҳақида бўлди.
Президент Мирзиёевга кўра, ижодий фикрлайдиган, истеъдодли ва шижоатли ёшлар истиқболда туркий дунёнинг янги Ренессансини барпо этади.
“Бу йўлда уларга буюк аждодларимиз яратган илмий кашфиётлар ва маънавий мерос мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилади”, дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ўтган асрда яшаган жадид боболарни ёдга олиб, уларнинг ибратли фаолияти, илмий-ижодий меросини чуқур ўрганиш юзасидан аъзо мамлакатларда катта ишлар амалга оширилаётганини қайд этди. Ана шу ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусидаги халқаро анжуманда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар вакилларини фаол иштирок этишга чақирди.
Шу билан бирга, янгиликка интилиб яшайдиган, ташаббускор ўғил-қизларни рағбатлантириш учун Ўзбекистонда Туркий дунё креатив ёшлари марказини очишни таклиф қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь