Мирзиёев таълимни ривожлантирмасдан тараққиётга эришиб бўлмаслигини айтди 

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллигига бағишланган тантанали маросимда таълимни эртанги кунимизни ҳал қилувчи муҳим омил деб атади.

“Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Янги ўқув йилидан мактабларда хориждан махсус таклиф этилган 500 нафар инглиз тили мутахассиси дарс бериши, бошланғич синф ўқувчилари илғор хорижий тажриба асосида ишлаб чиқилган янги дастур ва дарсликлар бўйича ўқий бошлашини маълум қилди.

“Агар 3 минг йиллик тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз асрлар мобайнида дунё тамаддунига нафақат жисмоний, балки интеллектуал меҳнати билан улкан ҳисса қўшганига гувоҳ бўламиз. Биз жаҳонга фақат хомашё эмас, аввало илм-маърифат, маънавий бойлик етказиб берган не-не улуғ зотларнинг авлодимиз. Ҳеч шубҳасиз, уларга хос бўлган буюк фазилатлар, улар яратган шонли анъаналар бугун ҳам бизнинг қалбимизда, онгимизда, ҳаётимизда яшамоқда. Мен ишонаман, биз бу тарихий йўлни муносиб давом эттиришга ҳар томонлама қодирмиз. Бугунги кунда дунё харитасида тутган ўрнимиз, ўз олдимизга қўяётган жуда улкан мақсад ва марраларимиз ҳам айнан шуни тақозо этмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.

Шундан келиб чиққан ҳолда, транспорт-логистика тизими билан бирга, илм-фан, инновация, IT ва ақлий меҳнатга асосланган бошқа соҳалар Ўзбекистон иқтисодиётининг яқин келажакдаги асосий локомотивларига айланиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев таълим мустақиллик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг