Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
03 Июль
5304Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида бугун, 3 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида Мирзиёев Хитой Раисига Ўзбекистондаги ислоҳотларни қатъий қўллаб-қувватлаётгани ҳамда мамлакатлар ўртасидаги дўстлик ва барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратаётгани учун миннатдорлик билдирган.
Етакчилар кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишларида улкан ютуқларга эришилганини таъкидлади.
"Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ҳукуматлар, парламентлар, ташқи сиёсат ва тармоқ идоралари даражасидаги алоқалар сезиларли даражада фаоллашди", дейилади хабарда.
Қайд этилишича, йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда. Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик жадал ривожланмоқда.
Билдирилишича, ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етган. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имкониятлари қайд этилди. Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён Ўзбекистонда 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилган.
"Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва "яшил" энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди. Яқинда Жиззах вилоятида Ўзбекистон-Хитой технопарки ишга туширилгани ва минтақамизда биринчи бўлиб BYD электромобиллари ишлаб чиқарила бошлангани мамнуният билан қайд этилди", дейилди хабарда.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Йил бошидан буён Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди.
Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши белгилаб олинди.
Президент Мирзиёев ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темирйўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди.
Қайд этилишича, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, “Марказий Осиё - Хитой” формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади.
Ўзбекистон раҳбари ХХР етакчисига ШҲТга раислик даврида катта муваффақиятлар тилади. Туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими – “Лу Бан устахонаси”ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди.
Музокаралар якунида Президент Мирзиёев ХХР Раисини Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.
LiveБарчаси