Мирзиёев сайловдан кейин илк ташрифни қайси давлатга амалга ошириши маълум бўлди
Жамият
−
17 Июль 2023
20884Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев эртага, 18 июль куни Саудия Арабистонига учиб кетади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, икки муқаддас масжид ходими – Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз ал Сауднинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Кўрфаз араб мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги биринчи саммитда иштирок этиш учун жорий йил 18-19 июль кунлари Жидда шаҳрида бўлади.
Бўлажак олий даражадаги учрашувда Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қатар Давлати, Кувайт Давлати, Бирлашган Араб Амирликлари, Ўмон Султонлиги, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари ҳамда кенгашнинг Бош котиби иштирок этиши кўзда тутилган.
Кун тартибига мувофиқ, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳаларда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилади.
Саммит доирасида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг саммитда қатнашиши хабар қилинганди.
LiveБарчаси