Мирзиёев сайловда иштирок этган барча номзодларга миннатдорлик билдирди

Жамият

image

9 июлда бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига яна 7 йилга сайланган Шавкат Мирзиёев сайловда иштирок этган барча номзодлар, уни сайлаганлар ва сайловни ташкил этган Марказий сайлов комиссиясига миннатдорлик билдирди. У бу ҳақда бугун, 11 июль куни бўлиб ўтаётган Инвестициялар жалб қилишни янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очди. 

Президент янгиланган Конституция асосида бўлиб ўтган сайловларда фуқаролар юксак уюшқоқлик кўрсатиб, ўзининг сиёсий маданияти ва фаоллигини намоён қилгани ва буни жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этаётганини айтган.  

“Биз барчамиз Ўзбекистон деган қадимий, гўзал ва бетакрор юрт фарзандларимиз. Шу қутлуғ заминда яшаётган 130 дан ортиқ миллат ва элат вакилларининг бугунги ҳаёти, тақдири ва келажаги ҳам бир.

Барчамиз учун Ватан ва халқ манфаатлари муқаддас ва энг устувор мақсаддир. Сайлов жараёнида ҳаммамиз учун муштарак бўлган ана шундай улуғ ғояларни етакчи ўринга қўйган барча номзодларга ўз ташаккурларимни айтаман”, деган Президент.

Давлат раҳбари сайловда фаол иштирок этган, ўзининг хоҳиш-иродаси, юксак сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини яққол намоён этган, кенг кўламли демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб келаётган барча ватандошларига самимий ҳурмат-эҳтиромини изҳор этган.

“Бор билим ва тажрибамни, куч-ғайратимни меҳнаткаш, мард ва олижаноб халқимизнинг менга билдирган юксак ишончини оқлаш учун сафарбар этишга, бу йўлда, керак бўлса, жонимни ҳам фидо қилишга тайёрман”, деган Президент.

Сайловни юқори савияда ташкил этгани учун Марказий сайлов комиссияси, сайлов округлари ва участкаларига, хориждаги сайлов участкаларига келиб, ўзининг сиёсий иродасини намоён қилган ватандошларга, Ҳаж зиёрати давомида фаол бўлиб, сайловда овоз берган ҳожиларга, тинчлик ва осойишталикни таъминлагани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига, шунингдек, сайлов жараёнларини холисона баҳолаб, ҳаққоний ёритиб борган маҳаллий ва чет эллик кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакилларига миннатдорлик билдирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев президентлик сайлови

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг