Мирзиёев Раҳмонга сим қоқди
Жамият
−
05 Октябрь
4943Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мирзиёев Тожикистон етакчисини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар, биродар тожик халқига фаровонлик ва равнақ тилади.
Суҳбат давомида Президентлар Ўзбекистон-Тожикистон муносабатларини олий даражадаги келишувлардан келиб чиққан ҳолда ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.
Товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа устувор йўналишларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида яқин идоралараро ҳамкорлик ва фаол алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, давлат раҳбарлари минтақада юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашди.
Маълумот учун, Имомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда Тожикистоннинг Хатлон вилояти Данғара шаҳрида туғилган. Бугун 72 ёшни қаршилаган сиёсатчи 1994 йилдан буён Тожикистон Президенти лавозимида ишлаб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев тожикистонлик мавқедошига табрик мактуби ҳам йўллаганди. У ўз мактубида Раҳмонни Тожикистоннинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрўсини мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшган буюк давлат арбоби, тажрибали сиёсатчи сифатида билишини ёзганди.
LiveБарчаси