Мирзиёев Путин билан телефон орқали мулоқот қилди
Жамият
−
24 Май 2022
10714Бугун, 24 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Президентлар Ўзбекистон-Россия стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиққан.
Ўтган йил ноябрь ойида Москва шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жорий йил бошидан фаол мулоқотлар ва ўзаро ташрифлар суръати ошгани мамнуният билан қайд этилган. Март ойи охирида биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳамда апрель ойида Ўзбекистон пойтахтида янги минтақавий форматда ташкил этилган “Иннопром” халқаро саноат кўргазмаси доирасида икки томонлама тадбирлар муваффақиятли ўтказилган.
Саноат кооперацияси бўйича устувор лойиҳалар давом эттирилмоқда. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга оширилган.
Гуманитар ҳамкорликка доир, шу жумладан таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, туризм ва спорт соҳаларида муҳим дастурлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон ва Россия етакчилари ишбилармон доиралар ўртасидаги кооперация алоқаларини чуқурлаштириш ва ҳудудлараро алоқаларнинг катта салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлигини қайд этган.
Минтақавий кун тартиби ва халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган.
“Икки мамлакат Президентларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқлик, ишонч ва дўстоналик руҳида ўтди”, дейилади хабарда.
Кремль Матбуот хизмати хабарига кўра, телефон мулоқоти Ўзбекистон томони ташаббуси билан ўтказилган.
LiveБарчаси