Мирзиёев Паралимпиада ғолиб ва совриндорларига мукофотларни топширди
Спорт
−
13 Сентябрь
6889Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 13 сентябрь куни XVII ёзги Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда Миллий Паралимпия қўмитаси ва спорт федерациялари раҳбарлари, мураббийлар, спортчиларнинг ота-оналари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Маълумки, мазкур мусобақа 28 августдан 8 сентябргача Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтди. Унда 168 та давлатидан 4 минг 400 га яқин паралимпиячилар қатнашди. Ўзбекистондан 9 та спорт тури бўйича 65 нафар йигит-қиз иштирок этди.
Олимпиадада бўлганидек, Паралимпия ўйинларида ҳам Ўзбекистон учун ютуқлар, рекордлар кўп бўлди. Мамлакат вакиллари 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни, туркий ва ислом мамлакатлари ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги бўйича 1-ўринни эгаллади.
Президент спорт жамоатчилигини ушбу натижалар билан Ўзбекистон аҳли номидан табриклаб, нутқ сўзлади.
"Паралимпия ўйинлари – бу чинакам ирода, жасорат ва матонат, эзгулик ва гуманизм намойиши. Сиз юксак марраларни эгаллаб, мусобақаларнинг ҳақиқий қаҳрамонларига айландингиз. Ўзбекистон ўз спорт тарихида кўп-кўп ютуқ ва зафарларни кўрган. Лекин Паралимпия ўйинларида бундай рекорд натижа илгари бўлмаган эди", деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 сентябрдаги фармонига мувофиқ, Париж шаҳрида бўлиб ўтган ХVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳи фахрий унвон, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.
Тадбирда ана шу юксак мукофотлар тантанали равишда топширилди.
"Сизлар тақдирнинг ҳар қандай синовларига қарамасдан, фақат ғалабага интиладиган инсонларсиз. Интилган, ҳаракат қилган одам ҳам, жамият ҳам кам бўлмайди. Мана шундай фазилатларингиз янада зиёда бўлсин, сизларга доимо бахт ва омад келтирсин", деди Президент.
Спортчи ва мураббийлар, ота-оналар сўзга чиқиб, юксак ҳурмат ва эътибор учун давлат раҳбарига раҳмат айтди.
LiveБарчаси