Мирзиёев пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди

Жамият

image

Бугун, 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев пахта етиштиришни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, бугунги кунгача пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан соҳага 5 миллиард 300 миллион доллар инвестиция киритилган, уларга 3 миллиард доллар имтиёзли кредитлар ажратилган. Кластерлар томонидан 4 миллиард долларлик 265 та лойиҳа ишга туширилиб, 300 мингта янги иш ўрни яратилган. Натижада пахта ҳосилдорлиги 30 фоизга ошиб, 26 центнердан 34 центнерга етган.

“Лекин жойларда кластер ва фермерларни қийнаётган муаммолар ҳам бор. Жумладан, қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлиги сабабли фермер хўжаликларида пеня қарздорлиги вужудга келган. 7 мингта фермер пахта майдонларини насослар орқали суғоришга мажбур бўлаётир. Фючерс шартномалари тузишнинг охирги муддати белгиланмаган, шартномаларни рўйхатга олиш бўйича шаффоф тизим йўқ”, дейилади хабарда.

Мазкур йиғилишда ўтган йил давомида ички бозорда минерал ўғит нархи ўртача 50 фоизга ошиб, танқислик юзага келган эди. Шу боис минерал ўғитларга божхона имтиёзларини яна 3 йилга узайтириш таклифи билдирилган.

Шунингдек, йиғилишда мутасаддиларга кластер ва фермерлар ўртасидаги шартномаларни тартибга солиш ҳамда ҳисоб-китобларни жойига қўйиш, пахта ва ғалла етиштиришни мувофиқлаштириб бориш бўйича кўрсатмалар берилган. Қўшилган қиймат солиғини ўз вақтида тўламаганлик учун фермер хўжаликларига ҳисобланган пенялар, истисно тариқасида, ҳисобдан чиқарилиши белгиланган.

Президент бошчилигидаги йиғилишда, шунингдек, Фючерс шартномаларини солиқ органларининг электрон ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг “Агроплатформа” ахборот тизимига интеграция қилиш вазифаси қўйилган. Бунда Нью-Йорк биржасининг ўртача ойлик фючерс котировкалари таҳлили Қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтида эълон қилиб борилилиши кўзда тутилган. 

Бундан ташқари, йиғилишда пахтачилик йўналишидаги илмий институтларни ишга солиб, чет элларда қўлланилаётган унумдор ва кам сув талаб қилувчи навларни маҳаллийлаштириш зарурлиги таъкидланган.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг