Мирзиёев Озарбайжон Президентига қўнғироқ қилди
Жамият
−
24 Декабрь
1652Бугун, 24 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев телефон орқали Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг таваллуд куни билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президентининг мамлакат мустақиллигини мустаҳкамлаш, ҳудудий яхлитлигини тиклаш, барқарор тараққиётини таъминлаш ва халқаро нуфузини юксалтиришдаги тарихий ролини алоҳида таъкидлаган.
Президентлар олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Озарбайжон дўстлик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.
“Жорий икки томонлама ҳамкорликни жадал ривожлантириш йилида биргаликда қилинган ишлар самарали бўлгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми юқори суръатда ўсиб бормоқда, автомобилсозлик, тўқимачилик, электротехника, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари фаол босқичда. Маданий-гуманитар алмашинувнинг тадбирларга бой дастури амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашган, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиққан.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг туғилган куни муносабати билан табрик мактуби ҳам йўллаганди.