Мирзиёев Оксана Чусовитина мактабига ҳам борди
Спорт
−
05 Март
9534Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 5 март куни Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Спорт гимнастикаси бўйича уч карра жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги соҳиби Оксана Чусовитина саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. 2022 йил 14 мартда Гимнастика бўйича Оксана Чусовитина спорт маҳорати мактабини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори имзоланган. Шундан сўнг уч қаватли замонавий бинода шундай мактаб қурилган.
“Биринчи қаватда асосий зал ва машғулотлар зали, тренажёр майдончаси, тиббиёт хонаси ва ошхона жойлашган. Тепа қаватлардан 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ўрин олган. Мактаб Германиядан келтирилган спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган”, дейилади хабарда.
Гимнастика мактаби 1-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз маҳоратини оширмоқда. Уларга иккита хорижий тил ҳам ўргатилади. Ёш гимнастлар умумий таълим дарсларини туташ ҳудудда жойлашган 175-мактабда ўқийди.
Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.
Шу ерда спорт соҳаси мутасаддилари ҳамда видеоалоқа орқали ҳудудлар раҳбарлари иштирокида мулоқот бўлди.
“Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёт, соғлом миллат бўлади”, дейди Президент.
Шу мақсадда гимнастикани болалар боғчаларидан кенг жорий қилиш, қобилиятли спортчиларни саралашни шу босқичдан бошлаш, ҳар бир ҳудудда иккитадан гимнастика мактаби ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчи ва уларнинг мураббийларига алоҳида шароит яратиш, муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида барпо этилган Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактабини ҳам бориб кўрганди.
LiveБарчаси