Мирзиёев Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Жамият

image

Аввалроқ, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Мирзааҳмедов вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу муносабат билан ҳамдардлик билдирди.

Миллий маданият ва ўзбек санъатининг атоқли намояндаси, машҳур режиссёр ва телебошловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедов кеча, 19 ноябрь куни 84 ёшида вафот этди.

У 1941 йил 30 сентябрда Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг, Тошкент театр ва рассомлик институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)да кино ва театр санъати актёри мутахассислиги бўйича таҳсил олган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган истеъдодли санъаткор 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририяти режиссёри, бош режиссёри, “Ўзбекистон” телеканалининг олий тоифали режиссёри, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси каби лавозимларда самарали хизмат қилган. Унинг бевосита раҳбарлигида долзарб мавзу ва жанрларда тайёрланган эшиттириш ва кўрсатувлар, бадиий видеофильмлар миллий руҳи, теран мазмуни, халқчиллиги билан миллионлаб мухлислар қалбидан ўрин олган. Айниқса, режиссёр томонидан тасвирга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби асарлар ўз даврининг ёрқин телефильмлари сифатида Ўзбекистон маданияти хазинасидан муносиб жой эгаллаган.

“Мираббос Мирзааҳмедов ўзининг нуроний ва донишманд қиёфаси, кўп йиллик билим ва тажрибаси билан марказий телеканалларимиз орқали 40 йилдан буён намойиш этиб келинаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувига янгича руҳ ва мазмун олиб кирди ҳамда ушбу дастур орқали жамиятимиз ҳаётидаги ижтимоий-маънавий муаммоларга жамоатчилик эътиборини қаратиш, эл-юртимиз, айниқса, ёшлар ўртасида оила ва ватанга муҳаббат, одоб-ахлоқ, меҳр-оқибат ғояларини тарғиб этишга катта ҳисса қўшди.

Бутун умр доимо изланиб, халқимизга сидқидилдан хизмат қилиб келган заҳматкаш ижодкор ўзига хос маҳорат ва тажриба мактабини яратиб, кўплаб ёшларга устозлик қилди”, дейилади таъзия хатида.

Мираббос Мирзааҳмедовнинг мамлакат маданияти ва санъатини ривожлантириш йўлидаги хизматлари давлат томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.  

“Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хатда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Мираббос Мирзааҳмедов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг