Мирзиёев МДҲнинг норасмий саммитида иштирок этди
Жамият
−
27 Декабрь 2023
8093Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Беларусь резиденти Александр Лукашенко, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян қатнашган.
Учрашувда 2023 йилги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий якунлари сарҳисоб қилиниб, келгуси йилга мўлжалланган устувор вазифалар кўриб чиқилган. МДҲ доирасида кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилиб, минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинган.
“Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимиз Ҳамдўстликда фаол иштирок этмоқда. Ўзбекистон 20 дан ортиқ тармоқ бўйича ҳамкорлик органларига ҳамда устувор соҳа ва тармоқлар бўйича 24 та муҳим битимга қўшилди”, дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Бундан ташқари, МДҲ мамлакатлари компаниялари билан саноат кооперацияси бўйича лойиҳалар портфели 30 миллиард доллардан ошган ва деярли барча тармоқларни қамраб олган.
Шавкат Мирзиёев МДҲ доирасидаги амалий ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва ҳамкорликнинг амалдаги институционал механизмлари самарадорлигини ошириш зарурлигини алоҳида қайд этиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 26 декабрь куни тушдан кейин Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари Санкт-Петербургдаги Павловск музей-қўриқхонасига борганди.
LiveБарчаси