Мирзиёев марҳум ҳарбий хизматчиларининг оилалари билан учрашди
Жамият
−
08 Май 6951 3 дақиқа
Бугун, 8 май куни Президент Шавкат Мирзиёев Ғалаба боғидаги “Миллат фидойилари” хиёбонида марҳум ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ва Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчилари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, давлат раҳбарининг ғояси асосида ташкил этилган ушбу ёдгорлик мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига бағишланган.
“Ҳар йили бу ерга келиб, Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишларни эслаймиз. Энди мустақиллик фидойиларига бағишланган ушбу мажмуани ташкил қилганимиз хайрли иш бўлди. Чунки улар ҳам миллий қаҳрамонларимиз. Шу жиҳатдан, бу майдоннинг маънавий аҳамияти катта. Бу ҳам ўзликни англаш, бу ҳам инсон қадри”, деган Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари ватан ҳимоячиларининг оила аъзоларига чуқур ҳурматини билдирган.
“Бу жасур ўғлонлар таҳликали вазиятда ўзини ўйламай, бурчига содиқ қолиб, халқи учун жонини фидо қилган. Ҳозирги тинчликда, осмонимиз мусаффолигида уларнинг катта ҳиссаси бор. Оилалари, барча яқинлари билиши керакки, улар орамизда худди тирикдек, номлари ҳеч қачон ўчмайди. Буни мана шу майдонда муҳрлаб қўйдик. Мен уларнинг ота-оналарига, турмуш ўртоқларига таъзим қиламан. Фарзандлари қаҳрамон оталарига муносиб бўлишини истайман”, дея таъкидлаган Президент.
Миллат фидойилари туғилган туманларда хотира тадбирлари ўтказиш, уларнинг мардлигини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш, қаҳрамонликлари ҳақида асарлар ёзиш зарурлиги таъкидланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти қатнашчиларини ҳам зиёрат қилиб, байрам билан табриклаган.
“Аввало, сизларни, сиз орқали барча фахрийларимизни Ғалабанинг 80 йиллиги билан табриклайман. Халқимиз номидан барчангизга чуқур миннатдорлик билдираман. Сизларнинг қаҳрамонлигингиз туфайли бугунги авлодлар шундай тинчлик-форовонликда яшаяпти. Бу тинчликнинг қадрини ёшларимизга сизлар орқали етказишимиз керак. Ҳаётингизнинг ўзи бизга намуна. Ҳар бир гапингиз жуда катта таълим, билим. Илоҳим, соғлиғингиз мустаҳкам бўлиб, кўп йиллар фахримиз, дуогўйимиз бўлиб юринг”, дея тилак билдирган Шавкат Мирзиёев.
Хабарга кўра, Ўзбекистон Президентининг жорий йилнинг 19 феврал кунидаги қарорига мувофиқ, уруш ва меҳнат фахрийларига муносиб ҳурмат кўрсатилмоқда. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 10 минг АҚШ доллари миқдорида, ушбу тоифага тенглаштирилган шахсларга 25 миллион сўм, меҳнат фронти қатнашчиларига 3 миллион сўмдан бир марталик пул мукофотлари берилмоқда. Кўплаб муҳтарам нуронийларга “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” юбилей медаллари топширилмоқда.
Уруш фахрийлари ва ногиронлари учун тиббий ва ижтимоий хизматлар, жумладан, патронаж хизмати кўрсатилмоқда. Улар ўз хоҳишларига кўра санаторийларда даволанмоқда.
Тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар, ҳарбий қисмлар раҳбарлари иштирокида уруш ва меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг оила аъзоларининг ҳолидан хабар олиниб, юмушларига ёрдамлашилмоқда.
Live
Барчаси