Мирзиёев коронавирусни енгишда Япония тажрибасини ўрнак қилиб кўрсатди

Жамият

image

Ўзбекистонда коронавирус аниқланган илк кундан бугунга қадар жиддий чоралар, чекловлар қўлланилишига қарамасдан, айримлар ҳамон бу касаллик бепарволарча муносабатда бўлмоқда. Ҳатто, шундай таҳликали даврда маросимлар ўткаётганлар ҳам учраб турибди. Бугун, 3 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ушбу масала қаттиқ танқид қилинди.

“Шу билан бирга, қанча огоҳлантириш ва тушунтириш ишларига қарамай, жойларда карантин қоидалари бузилаётганини афсус билан айтиш керак.

Ҳозиргача 22 мингдан зиёд ана шундай ҳолат аниқланди, 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетган. Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади”, дейди давлат раҳбари.

Ўзбекистон раҳбарининг қайд этишича, мамлакатда коронавируснинг кенг тарқалиб, авж олишига қарши кескин чоралар кўрилмоқда ва давлатнинг уни жиловлай олишга қудрати етарли. Президент бу ҳақда шундай дейди: 

“Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”.

Давлат раҳбари сўзини давом эттираркан, кунчиқар мамлакат – Япония тажрибасини мисол қилиб келтирди ва япон халқига сингиб кетган одоб-ахлоқ меъёрлари ўзбек халқига ҳам ёт эмаслигини таъкидлади. 

“Айрим давлатларда юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи, миллий урф-одатлар бу касалликни енгишда жуда муҳим омил бўлмоқда.

Жумладан, аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлишига қарамасдан, Япония вируснинг кенг тарқалашига йўл қўймади.

Мутахассислар “япон феномени”ни улардаги ўзига хос саломлашиш, шахсий масофани сақлаш, тез-тез кийим алмаштириш, юз-қўлни ювиш, тўла ювиниш, тўғри овқатланиш, фаол турмуш тарзи ва спорт каби 13 та қоида ва урф-одатлар сақланиб қолгани билан асосламоқдалар.

Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади.

Шунингдек, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишларини мунтазам давом эттириш лозим. Барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафтада ўз ходимларини тизимли равишда тиббий кўрикдан ўтказиб туриши зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Япония коронавирус Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

256

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made