Мирзиёев хорижий инвесторлар билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 11 июнь куни Халқаро конгресс марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг учинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган тадбирда Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, “Masdar”, “Indorama”, “ACWA Power”, “Vision Invest”, “DataVolt”, “Veon”, “Boeing”, “Air Products”, “SpaceX”, “Meta”, “John Deere”, “Franklin Templeton”, “Suez”, “EDF”, “Total Energies”, “Voltalia”, “Orano”, “Linde”, “Claas”, “Sojitz”, “Bomi”, “OTP Bank”, “Goldwind”, “Çalik”, “Çengiz”, “Aksa”, “JBIС” каби етакчи компания ва банклар раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси вакиллари иштирок этди.

Кенгашнинг асосий вазифалари муваффақиятли тажриба ва жаҳон амалиётидан келиб чиққан ҳолда мамлакатни инвестициявий, саноат-технологик ва инновацион ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишлари бўйича маслаҳат бериш ҳамда Ўзбекистон Ҳукумати билан хорижий инвесторлар ўртасида очиқ мулоқотни таъминлашдан иборат.

Давлат раҳбари мажлисни очар экан, куни кеча ўтган тўртинчи Тошкент инвестиция форумининг самарали натижаларини қайд этди ҳамда кенгаш аъзоларига Ўзбекистон тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ва кўмаги учун миннатдорлик билдирди. Кенгашнинг аввалги йиғилишлари натижадор бўлгани мамнуният билан қайд этилди. Хусусан, халқаро молия ташкилотлари билан ишлашнинг мутлақо янги форматига ўтилди, самарали ҳамкорлик тизими жорий этилди, ўзаро манфаатли шериклик тармоқлари кенгайди.

Жумладан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўтган йили Ўзбекистонга рекорд миқдорда – қарийб 1 миллиард доллар инвестиция киритди. Мамлакат банкнинг минтақадаги энг йирик ҳамкорига айланди.

Шунингдек, халқаро молия ташкилотларининг хусусий сектор билан ҳамкорлиги сезиларли даражада кучайди. Хусусий компания ва банклар билан қўшма лойиҳалар ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

Бу галги мажлисда иштирок этаётган компаниялар "яшил" энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, электр энергиясини сақлаш, "яшил" водород ишлаб чиқариш ва бошқа соҳаларда янги лойиҳаларни бошлади. Хусусан, "ACWA Power", "Masdar", "Linde", "Shanghai Renewable Energy" ва "Total Energies" компаниялари 8 миллиард доллардан зиёд инвестиция киритиб, "яшил" иқтисодиёт ривожига катта ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистоннинг рақамли технологиялар соҳасига жаҳонга машҳур нуфузли компаниялар ҳам фаол кириб келмоқда. “DataVolt” компанияси минтақадаги энг йирик "яшил" маълумотлар марказини барпо этиш, “Veon” эса сунъий интеллектга асосланган мобил супериловани яратиш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.

“Буни хорижий инвесторларнинг ислоҳотларимиз ва очиқлик сиёсатимизга бўлган юксак ишончи ифодаси, деб биламан”, деди Президент.

Кенгашга аъзо Халқаро молия корпорацияси, "Ernst&Young", "Dentons", "Knauf" ва "TBC" компаниялари томонидан миллий қонунчиликни халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди. Уларнинг янги ташаббус ва ғоялари 10 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорларда ўз ифодасини топди.

Давлат раҳбари бизнес учун базавий солиқ ставкалари 2028 йилгача ўзгармаслигини маълум қилди. Умуман, инвестиция муҳити яхшилангани натижасида сўнгги 2 йилда юртимизда хорижий капитал иштирокида 5,5 мингта янги корхона ташкил этилиб, уларнинг сони 16 мингтага етди.

Қайд этилганидек, бугунги учрашувга тайёргарлик доирасида хорижий ҳамкорларнинг 40 дан ортиқ ташаббуслари саралаб олинди. Хусусан, инвесторлар томонидан солиқ қонунчилиги барқарорлигини таъминлаш, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар сонини кўпайтириш, инфратузилма лойиҳаларида хусусий сектор иштирокини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Жорий йилда йўл қурилиши, транспорт, энергетика, сув таъминоти, ирригация ва бошқа соҳаларда қарийб 4,5 миллиард долларлик давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бошланган. Молиявий ҳисоботнинг, шунингдек, экологик, ижтимоий ва корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда.

Келиб тушган таклифлар асосида гаров тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш, хорижий компаниялар учун профессионал кадрлар тайёрлаш, маҳаллий компанияларда корпоратив бошқарувни яхшилаш, солиқ маъмурчилиги бўйича қўшимча ишчи гуруҳлар ташкил этилади.

Кенгаш Котибиятининг мустақиллигини ошириш ва уни алоҳида юридик шахс сифатида қайта ташкил этиш таклиф этилди.

Сўзга чиққан кенгаш аъзолари Ўзбекистондаги кенг кўламли ислоҳотлар дастури натижаларини юқори баҳолади. Давлат раҳбарига инвестициявий фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттиришга қатъий интилиши учун миннатдорлик билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 10 июнь куни тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтганди. Форумда 7,5 мингдан ортиқ делегат, жумладан, 100 га яқин давлатдан салкам 3 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда. Улар орасида Болгария Президенти Румен Радев, Словакия Бош вазири Роберт Фицо, Қозоғистон Бош вазири Ўлжас Бектенов, Қирғизистон Ҳукумати раиси Адилбек Қосималиев, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода, Озарбайжон Бош вазири Али Асадов, Россия Федерацияси Ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Нокергули Атагулиев, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо, Янги ривожланиш банки президенти Дилма Русеф, шунингдек, Россия, Хитой, Америка Қўшма Штатлари, араб давлатлари ҳамда Европа, Осиё ва Африка минтақаларидан келган нуфузли делегациялар ҳам бор.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг