Мирзиёев камбағалликни қисқартириш бўйича йиғилиш ўтказмоқда

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар қилди.

Урғуланишича, охирги уч йилда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилиниб, молиявий инструментлар, инфратузилма масалалари ҳал қилинди. Жорий йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилди.

Қайд этилишича, ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда. Натижада ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилган.

Келтирилишича, “Учта дафтар” ва Ижтимоий ҳимоя реестри орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган аҳоли қатлами моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинган.

“Ҳар йили 100 мингта замонавий корхона ишга тушмоқда. Уларга 300-400 минг малакали мутахассис керак. Шунингдек, хусусий секторда йилига 200 мингта бўш иш ўрни пайдо бўлмоқда. Лекин касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникум ва мономарказларда бунча малакали мутахассисни тайёрлашга салоҳияти ҳали етарли эмас”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, охирги беш йилда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайган. Бу эса битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди дегани.

Шунингдек, ушбу йиғилишда Президент жойларда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиниб, улар қўллаб-қувватланса, туманда, маҳаллада бандлик масаласини ҳал қилиш учун имкониятлар янада кўпайишини таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

видеоселектор Шавкат Мирзиёев камбағалликни қисқартириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг