Мирзиёев қатарлик бизнесменлар билан учрашди

Жамият

image

Кеча, 1 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қатарга сафарининг биринчи кунида Доҳада мамлакатнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Президент қабулида бўлган бизнесменлар орасида Қатарнинг етакчи энергетика корпорацияси – “Nebras Power”нинг бошқаруви раиси Муҳаммад ал-Ҳажрий ҳам бор.

У билан учрашувда энергетика соҳасида, энг аввало, муқобил энергетикада янги лойиҳаларни илгари суриш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилган.

Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида Қатар компанияси иштирокида буғ-газ технологиялари асосида қуввати 1,6 ГВт бўлган замонавий электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бошланганини мамнуният билан қайд этган.

Билдирилишича, Сурхондарё вилоятида иссиқлик электр станциясини барпо этиш лойиҳаси доирасида тайёргарлик ишлари якунланмоқда. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 600 МВт қувватли энергия сақлаш тизимларини яратиш ҳамда Қорақалпоғистонда 1 ГВт қувватли шамол электр станциясини ишга тушириш бўйича қўшма режалар муҳокама қилинган.

Узоқ муддатли шериклик дастурини қабул қилиш, унга, энг аввало “яшил” энергетикага доир истиқболли лойиҳаларни киритиш юзасидан келишувга эришилган.

Ўзбекистон Президенти ўзига ажратилган қароргоҳда “Power International Holding” компанияси бошқаруви раиси Мутаз ал-Ҳаййатни ҳам қабул қилган.

Қайд этилишича, ҳозирда ушбу компания билан ҳамкорликда Жиззах вилоятида келгусида минтақанинг энг катта агросаноат мажмуаси бўладиган замонавий чорвачилик кластери қурилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган автомобиль магистралини барпо этиш, аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ишбилармонлик ва меҳмонхона инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш объектларини ташкил этиш истиқболли лойиҳалар сифатида таъкидланган.

Қатар томони тез орада холдинг Ўзбекистонда ўз офисини очишини маълум қилган.

Маълумот учун, Power International дунёнинг 19 та мамлакатида энергетика, нефть-кимё, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, туризм каби соҳаларда фаол иш олиб бораётган Қатарнинг энг йирик миллий холдинги саналади. У Яқин Шарқдаги етакчи кўп тармоқли компаниялардан биридир.

Қатарга ташрифнинг биринчи кунида Мирзиёев “Al Mirqab Capital” холдинг компанияси ижрочи директори Саиф ур-Раҳмон Хонни ҳам қабул қилди.

1983 йилда асос солинган Al Mirqab Capital холдинги АҚШ, Европа ва Яқин Шарқда For Seasons, The Ritz Carlton ва бошқа брендлардаги 20 та йирик меҳмонхона эгасидир. Компания активлари қиймати 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этади.

Учрашувда меҳмонхона инфратузилмаси ва туризм хизматларини ривожлантириш, логистика ва энергетика тармоғини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.

Хусусан, компания томонидан Тошкент вилоятида логистика маркази, Бухоро шаҳрида меҳмонхона-конгресс мажмуасини қуриш, Ўзбекистонда электр ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришга инвестиция киритиш режалари кўриб чиқилган.

Билдирилишича, инвестиция лойиҳалари қўшма “йўл харитаси” асосида амалга оширилади.

Қатарга давлат ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Президент Мирзиёев Қатар инвестициялар агентлиги директори Бандар бин Сауд Ол Сонийни ҳам қабул қилди.

Агентлик саноат, инфратузилма, энергетика, кўчмас мулк, электрон технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга оширишда катта тажрибага эга глобал миқёсдаги етакчи инвестиция холдингларидан бири ҳисобланади. Идора раҳбари бир вақтнинг ўзида Қатар Марказий банки раисидир.

Учрашувда агентликнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини Ўзбекистон ҳудудларида “яшил” энергетика объектлари – қуёш ва шамол станцияларини қуриш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шу жумладан замонавий авиатерминаллар барпо этиш ва бошқа инвестиция лойиҳаларига жалб қилиш масалалари атрофлича кўриб чиқилган.

Илғор банк-молия хизматларини, шу жумладан ислом молияси дастурлари доирасида ривожлантиришдан манфаатдорлик билдирилган.
Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун икки томонлама гуруҳ учрашувини яқин фурсатда ўтказишга келишиб олинган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 1 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қатар Давлати Амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Доҳа шаҳрига етиб борган, уни Қатар Бош вазири – Ташқи ишлар вазири шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кутиб олганди. Давлат ташрифи дастурига мувофиқ, бугун, 2 октябрь куни олий даражадаги учрашувлар бўлиб ўтади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қатар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг