Мирзиёев Қатардан АҚШга жўнаб кетди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қатар Давлатига амалий ташрифи якунланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ташриф доирасида давлат раҳбари Ижтимоий ривожланиш бўйича иккинчи Жаҳон саммитида иштирок этиб, унда барқарор ва инклюзив ижтимоий тараққиётни амалга ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожланишни яхшилаш бўйича глобал шерикликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари Доҳа шаҳрида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан ҳам самарали музокара ўтказди.

Шайх Ҳамад номидаги халқаро аэропортда Ўзбекистон Президентини Бош вазир ўринбосари, мудофаа вазири Шайх Сауд бин Абдураҳмон Ол Соний ва бошқа расмий шахслар кузатиб қўйди.

Ўзбекистон раҳбари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан Марказий Осиё мамлакатлари ва АҚШ етакчиларининг “C5+1” форматидаги саммитида иштирок этиш учун Вашингтон шаҳрига жўнаб кетди.

Ташриф дастурига мувофиқ, Президент Мирзиёев АҚШ Президенти Дональд Трамп, Конгресс Сенати ва Вакиллар палатаси аъзолари, АҚШ вазирлик ва идоралари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказади.

Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, Марказий Осиёнинг АҚШ билан минтақалараро ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилади.

Ишбилармонлик дастури доирасида АҚШнинг етакчи компаниялари ва молиявий институтлари раҳбарлари иштирокида учрашув ва тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.

Тадбирлар якунида қатор икки ва кўп томонлама ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Шавкат Мирзиёев Қатар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг