Мирзиёев италиялик инвесторларни Ўзбекистонга таклиф қилди
Жамият
−
09 Июнь 2023
5122Президент Шавкат Мирзиёев Италияга ташрифи доирасида Милан шаҳрида ушбу мамлакат инвесторлари ва йирик бизнес вакиллари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашувда Италия томонидан Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, “Италия – Ўзбекистон” савдо палатаси президенти Жоржо Веронези, шунингдек, Eni, Enel, Pietro Fiorentini, Saipem, Energy System, Imagro Group, HT Holding, Danieli, SACE, Ferroli Group, Arsenale Group, Pirelli каби етакчи компания ва корпорациялар, уюшма ва молиявий институтларнинг 25 нафардан зиёд раҳбарлари иштирок этган.
Ташрифдан аввал икки мамлакат ишбилармон доираларининг қарийб 300 нафар вакили 9 миллиард евродан зиёд бўлган бир қатор янги инвестиция келишувлари ва савдо битимларини имзолагани ҳам ўзаро ҳамкорликнинг белгиси экани эътироф этилган.
Давлат раҳбари Италия бизнесига Ўзбекистонда фаолият юритиши учун кенг қўллаб-қувватлаш чоралари ва самарали майдон тақдим этишга тайёрлигини маълум қилган.
“Бугун бизда бизнесингиз ривожи ва равнақи учун барча шароитлар яратилган. Барқарорлик, ишончли кафолатлар, қулай инвестиция муҳити таъминланган. Ҳар бирингизни Янги Ўзбекистонга – ҳақиқатдан чексиз имкониятларга эга бетакрор мамлакат эканлигига ишонч ҳосил қилиш учун юртимизга келишни таклиф қиламан”, деган Мирзиёев.
Ўзбекистон Италия компаниялари учун истиқболли Марказий Осиё минтақаси билан ишлаш имкониятларини очадиган стратегик ҳамкор экани қайд этилган. Шунингдек, Италия тадбиркор ва сармоядорлари Ўзбекистонда ўзаро манфаатли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, бунда юқори технологиялар ва инновацион ечимларни жорий қилиш бўйича аниқ таклиф ва режаларини баён қилган.
Масалан:
- Ломбардия вилояти билан ҳудудлараро ҳамкорлик дастурларини кенгайтириш;
- Ўзбекистонда газ тақсимоти тизимини ва Тошкент шаҳрида электр тақсимот тармоқларини модернизация қилиш;
- Тошкент иссиқлик электр станциясини технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш;
- бир қатор заводлар қуриш, шу жумладан чиқиндиларни ёқиш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш;
- калий хлорни тозалаш, калий гидроксиди, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
- заъфарон плантацияларини кенгайтириш;
- “Ўзметкомбинат” АЖ ишлаб чиқариш қувватини ошириш;
- Турин политехника университети билан биргаликда Италия технология ва инновациялари марказини ташкил этиш ва бошқа лойиҳалар тўғрисида сўз юритилган.
Бундан ташқари, саноат учун кадрлар тайёрлаш юзасидан келишувларга эришилган.
Шавкат Мирзиёев учрашувда айтилган ҳар бир ташаббусни комплекс “йўл харитаси”га киритишга кўрсатма берган. Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарларига италиялик ҳамкорларга мамлакатдаги жорий ва янги лойиҳаларини амалга оширишда ҳар томонлама кўмаклашиш топширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқандда Италия ва Ўзбекистон қўшма инвестиция форуми ўтказилиши маълум қилинганди.