Мирзиёев Гурбангули Бердимуҳамедовга табрик йўллади

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовга мамлакатлар ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг Матбуот хизмати хабар берди.

“Сизни алоқаларимиз тарихидаги муҳим сана – Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 30 йиллиги билан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни йўллашдан бағоят хурсандман. Давлатларимизнинг яхши қўшничилик ва ўзаро яқин ҳамкорлик ришталари асрлар давомида ёнма-ён, тинч ва тотув яшаб келаётган, илдизлари муштарак ва қон-қардош бўлган халқларимизнинг умумий фаровонлиги ва равнақига, шунингдек, минтақамиз тинчлиги ва барқарорлиги учун муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилиб келмоқда”, дейди Президент Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, давлат раҳбари мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтиришда, ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган стратегик шерикликни юксалтиришда Гурбангули Бердимуҳамедов қўшиб келаётган улкан ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлаган.

“Сиз билан ўртамизда қарор топган доимий очиқ ва ишончли мулоқотлар, давлатлараро муносабатларимизни тартибга солувчи самарали механизмларнинг яратилгани барча устувор йўналишларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кучайтириш учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилмоқда. Сизнинг узоқни кўзлаган, оқилона ички ва ташқи сиёсатингиз натижасида бугунги кунда Туркманистон барча жабҳаларда катта ютуқ ва марраларга эришмоқда, аҳолининг фаровонлиги муттасил ошиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрў-эътибори юксалиб бормоқда”, дейилади табрикда.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 11 ноябрида Самарқандда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг шахсан иштироки ва “Туркий дунёнинг олий ордени” билан тақдирлангани анжуманнинг аҳамиятини янада оширганини айтиб ўтган.

Табрик сўнггида Шавкат Мирзиёев Туркман халқининг миллий етакчиси Гурбангули Бердимуҳамедовга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, улкан муваффақиятлар, қардош туркман халқига эса тинчлик-осойишталик, давомий тараққиёт ва фаровонлик тилаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг