Мирзиёев Фумио Кисидани Ўзбекистонга таклиф қилди

Жамият

image

Бугун, 9 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Фумио Кисида билан телефон орқали мулоқот қилди.

Мулоқот чоғида кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Етакчилар мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги стратегик шерикликнинг 20 йиллиги билан бир-бирини самимий қутлади.

2019 йил декабрь ойида Токио шаҳрида ўтган саммит ва олий даражадаги мунтазам мулоқотлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиб, уларни амалий мазмун билан бойитгани катта мамнуният билан қайд этилди.

Давлат раҳбари Япония Бош вазири ва Ҳукуматига Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Япониянинг JICA агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик банки – JABIC доирасида кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ҳукумат делегацияларининг жорий йилда ўтказилган сермаҳсул учрашув ва музокараларининг натижалари юқори баҳоланди.

Етакчилар инновациялар,  “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, фан ва таълим соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинув дастурлари ва парламентлараро мулоқотни давом эттириш муҳимлигини қайд этди.

Осака шаҳрида ўтказиладиган “ЭКСПО-2025” бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг кенг миқёсли экспозициясини ташкил этишга келишиб олинди.

Мулоқот чоғида халқаро кун тартибидаги масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Япония Бош вазири мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши, Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масалаларида Ўзбекистон муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон Президенти Япония томонини Кумамото шаҳрида Сув саммити муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади ҳамда Япония Ҳукумати раҳбари томонидан кенг минтақада барқарор тараққиёт ва равнаққа эришиш мақсадида илгари сурилган Осиёда амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Бош вазир Фумио Кисида, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишонч, яхши қўшничилик ва кенг кўламли шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш борасидаги ташаббусларини ҳамда Афғонистонда бардавом тинчлик ва иқтисодий тикланишни таъминлашга кўрсатаётган кўмагини юксак баҳолади.

“Марказий Осиё + Япония” мулоқоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бутун салоҳиятини ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Суҳбат якунида Президент Шавкат Мирзиёев Бош вазир Фумио Кисидани мамлакатимизга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.

Ўзбекистон ва Япония етакчиларининг телефон орқали мулоқоти ҳар доимгидек очиқ, дўстона ва ишчан руҳда ўтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония Мирзиёев Фумио Кисида

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг